Мамлакатимизда 2026 йил январь–август ойларида Интернетдан фойдаланувчи 10 ёш ва ундан катта аҳоли улуши 97,3 фоизни ташкил этди.
Миллий статистика қўмитасининг яқинда эълон қилинган уй хўжаликлари танланма кузатувлари маълумотларида шу рақам келтирилди. Мазкур кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 20,7 фоиз пунктга ошган.
Бундай юқори натижа аввало юртимизда яратилган мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асослар самарасидир. Бинобарин, 2023 йилги референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасига кўра, “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади”.
Ўз навбатида, ушбу натижа сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик жамиятнинг муҳим шарти ва тамойили бўлган оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантиришга устувор эътибор қаратилаётгани билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Айни шундай замонавий ёндашув туфайли миллий медиа маконига илғор лойиҳа ва технологиялар, янгича мулкий муносабатлар жадал кириб келмоқда.
Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.
Шундай экан, ахборотни, жумладан, Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, Асосий Қонунимиз 33-моддасининг охирги бандига барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этадиган мана бу нормалар киритилгани бежиз эмас:
“Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.
Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, бугунги рақамлаштириш замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва матбуот эркинлигига оид янги нормаларни мустаҳкамлагани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
