Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БМТнинг Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган яна бир резолюцияси

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2026 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларини ифода этувчи 61 та БМТга аъзо давлат ҳаммуаллифлик қилган.

Резолюцияда парламентлар ижтимоий тараққиётнинг фаол иштирокчиси сифатида эътироф этилган. Унда миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнат ва бандликни таъминлаш, сифатли таълим имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий инклюзияни таъминлашда парламентларнинг ролига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар, иқлим ўзгариши, демографик ўзгаришлар, меҳнат бозоридаги янги тенденциялар ҳамда рақамли трансформация ижтимоий тараққиёт олдига янги вазифаларни қўймоқда. Бундай шароитда инсон қадрини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнат ва бандлик учун шароит яратиш, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада мамлакатимизда изчил ижтимоий сиёсат амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида камбағаллик даражаси 35 фоиздан 5,8 фоизга туширилди. Аҳоли учун барпо этилаётган уйлар сони 10 баробарга кўпайди. 8,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳолининг даромадлари оширилган.

Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция мамлакатимизнинг ижтимоий соҳадаги ислоҳотларининг халқаро эътирофи, парламентнинг тобора ортиб бораётган ролининг халқаро даражадаги ифодаси бўлди.

Резолюцияда парламентларда хотин-қизлар ва ёшлар иштирокини кенгайтириш, рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентларнинг иштирокини кучайтириш вазифалари белгиланган.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

 

Nashr sanasi 17.09.2026 Ko'rishlar 111
Ulashish