Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бўлиб ўтди

Пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Бешинчи Самарқанд форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур форум “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик” мавзусига бағишланган.

Халқаро анжуманда халқаро, минтақавий ва миллий ташкилотларнинг 200 нафардан ортиқ вакили анъанавий ҳамда онлайн форматларда иштирок этди. Улар орасида 10 та халқаро ташкилот, 8 та минтақавий тузилма, хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 8 та миллий институти вакиллари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги экспертлар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ҳамда бизнес доиралари вакиллари бор.

Очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл сўзга чиқди.

 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Президенти Мирьяна Споляричнинг табриклари ўқиб эшиттирилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ва ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси директори Мария Телаляннинг видео-мурожаатлари намойиш этилди.

Форумнинг биринчи куни Тошкент шаҳрида икки ялпи мажлис ва параллел равишда еттита шўъба сессияси ўтказилмоқда. Анжуманнинг иккинчи куни Самарқанд шаҳрида давом этади. Якунловчи ялпи мажлисда форумнинг якуний ҳужжати муҳокама қилиниб, қабул қилиниши режалаштирилган.

Форум Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Камола ЮСУПОВА,
Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА

Nashr sanasi 30.09.2026 Ko'rishlar 7
Ulashish