Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Бешинчи Самарқанд форуми минбаридан

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси президенти Миряна Сполярич  Форум иштирокчиларига йўллаган қутловида инсон ҳуқуқларининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун халқаро мулоқот майдонини ташкил этгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга миннатдорлик билдирди.

У ўз нутқида қуролли тўқнашувлар шароитида халқаро гуманитар ҳуқуқнинг алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб, замонавий можаролар ва янги уруш технологиялари тинч аҳоли, ярадорлар ва беморлар, озодликдан маҳрум этилган шахслар, шунингдек, тўқнашувлар оқибатида бир-биридан айрилган оилаларни ҳимоя қилишда янги синовларни келтириб чиқараётганини қайд этди.

Нутқнинг асосий мазмун-моҳиятини ҳатто энг оғир ва мураккаб вазиятларда ҳам инсон қадр-қимматини сақлаб қолиш зарурлиги ташкил этди: «Бир тамойил ўзгаришсиз қолади: энг оғир пайтларда ҳам, жумладан, уруш даврида ҳам биз кўрадиган чоралар марказида инсонпарварлик туриши шарт».

Миряна Сполярич, шунингдек, халқаро гуманитар нормалар шунчаки қоғоздаги қоидалар бўлиб қолмасдан, энг ночор ва ҳимоясиз аҳволдаги инсонларнинг реал ҳимоясини таъминлаши кераклигини билдирди. Унинг таъкидлашича, халқаро мажбуриятларни самарали татбиқ этиш сиёсий ирода ва етакчиликни, кучли миллий институтларни, халқаро ҳамкорликни ҳамда изчил амалий саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Нутқда Халқаро гуманитар ҳуқуққа сиёсий садоқатни сафарбар этиш бўйича Глобал ташаббусга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ташаббус доирасида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига риоя этилишига эътиборни кучайтириш ҳамда қуролли тўқнашувлардан жабр кўрган инсонларни ҳимоя қилиш даражасини оширишнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Миряна Сполярич ўз сўзи якунида халқаро мажбуриятларнинг қатъийлиги фақатгина қабул қилинган декларациялар билан эмас, аввало, инсонлар ҳаётининг энг заиф ва оғир дамларида уларни қанчалик реал ҳимоя қила олиши билан белгиланишини алоҳида таъкидлади.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 08.10.2026 Ko'rishlar 49
Ulashish