А.Саидов Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Орелия Бушез билан учрашди.

 

Мулоқот аввалида А.Саидов меҳмонларга Конституциявий ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берди. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, ҳалқпарвар давлатни барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва манфаатларини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш зарурати ҳақида тўхталди.

 

Ўз навбатида, О.Бушез Қонунчилик палатасининг раҳбариятига учрашув учун ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги барқарор ривожланишида парламентнинг фаолияти катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

 

О.Бушез Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари натижаси мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи янада юқори даражага кўтарилаётганлигига Франция катта қизиқиш билан кузатаётганини эътироф этиб, мазкур ислоҳотларни амалга оширишда Франция ҳам ўз ҳиссасини қўшаётганлигини маълум қилди.

 

Ўзбекистон — Франция ўртасидаги нафақат иқтисодий, сиёсий, дипломатик ва бошқа соҳа ва йўналишлардаги барқарор алоқалар, балки икки мамлакат раҳбарлари ўртасида дўстона муносабатлар алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

 

Учрашувнинг асосий кун тартиби юзасидан О.Бушез Ўзбекистон —Франция ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги доирасида ўтказиладиган тадбирларга катта аҳамият берилаётганлигини таъкидлади.

 

Суҳбат якунида томонлар икки мамлакатнинг нафақат парламентлараро, балки бошқа соҳа ва йўналишларнинг ривожланиши борасида ўзаро фикр алмашинувлари орқали тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.

 

Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech