Давлатимиз раҳбари бўлажак тадбирлар Бухоронинг бой тарихий мероси ва бугунги салоҳиятини намоён этиш билан бирга, вилоятни ривожлантиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун тайёргарликни тадбирлар ўтадиган жойлар билан чекламай, транспорт, хизмат кўрсатиш, хавфсизлик ва шаҳар инфратузилмасини яхлит ҳолда ривожлантириш зарур.

Йиғилишда олий даражадаги учрашувлар ва йирик халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ҳар бир вазирлик ва идорага хорижий ҳамкорлар билан ўз йўналиши бўйича мазмунли мулоқотга тайёргарлик кўриш, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатиш ва янги қўшма ташаббуслар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бухорода замонавий вазият марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, жамоат жойлари ва сайёҳлик объектларидаги ҳолатни рақамли технологиялар ёрдамида кузатиш, йўл ҳаракатини бошқариш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторлари ва «маҳалла еттилиги» ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Президентимиз Бухорога келган меҳмон аввало аэропорт, вокзал ва йўллар ҳолатига эътибор қаратишини таъкидлади. Шу боис қиймати 300 миллион доллар бўлган янги халқаро аэропорт қурилиши, уни шаҳар билан боғловчи 23,5 километрлик йўлни барпо этиш ва йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ишлари кўриб чиқилди. Темир йўл вокзаллари атрофини ободонлаштириш, автотураргоҳлар, ёритиш, сервис ва жамоат транспорти қатновини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шаҳар ва туманларни вокзаллар билан боғлаш учун қўшимча 120 та автобус жалб этиш белгиланди.

Бухоронинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва буталар экиш билан бирга, уларнинг парвариши учун суғориш ҳамда дренаж тизимларини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Халқаро тадбирлардан инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Саноат кооперацияси, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва экспорт соҳаларида хорижий шериклар билан амалий келишувларга эришиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоятда қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари, электр энергиясини узатиш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ишлари муҳокама қилинди.

Бухоронинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини кенгроқ намоён этиш билан бирга, меҳмонларни ҳудуддаги замонавий корхоналар, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишлар билан бевосита таништириш муҳимлиги қайд этилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ўзгаришларни ҳам амалда кўрсатиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари тайёргарлик жараёнида қуриладиган ҳар бир объект ва жорий этиладиган ҳар бир тизим тадбирлардан кейин ҳам бухороликларга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга ҳудудларга чиқиб, ишларнинг боришини шахсан ўрганиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва барча вазифалар ижросини қатъий мувофиқлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

 “Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati