Рақамли Ўзбекистон: UNESCO индикаторлари бўйича ҳисобот якунланди (+видео)

UNESCOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги контент тайёрлаш маркази ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида Интернет универсаллиги индикаторлари (IUI) асосида мамлакатимиздаги интернет муҳитини баҳолаш бўйича кўп томонлама маслаҳат кенгашининг учинчи якуний йиғилиши бўлиб ўтди. Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ушбу жараёнга кўмак кўрсатди.

UNESCOнинг “ROAM-Х” тамойиллари — Инсон ҳуқуқлари (R), Очиқлик (О), Фойдаланиш имконияти (А) ва Кўп томонлама иштирок (М) асосида тайёрланган Миллий ҳисобот ўлканинг рақамли экотизими ҳолатини чуқур таҳлил қилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, бу ҳисобот рейтинг тузиш ёки бошқа давлатлар билан солиштириш учун эмас, балки Ўзбекистоннинг ўзига хос рақамли ривожланиш йўлини аниқлаш ва давлат сиёсатини далилларга асосланган ҳолда такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тадқиқот гуруҳлари қуйидаги йўналишларда мавжуд ютуқларни кўрсатиб ўтди: интернет инфратузилмаси ва нархларнинг қулайлиги, рақамли саводхонлик ва инклюзивлик, ахборот олиш эркинлиги ва рақамли ҳуқуқлар, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари.

Диёримиз глобал рақамли стандартларга мослашаётгани хорижий инвестициялар ва технологик инновациялар учун янада қулай муҳит яратади. Маслаҳат кенгаши аъзолари таклифларига кўра, ҳужжатга охирги ўзгартиришлар киритилади. UNESCO тавсияларни амалиётга татбиқ этишда ҳукуматимиз билан ҳамкорликни давом эттиришини билдирди.

Мусулмон Зиё,

Дониёр Ёқубов (видео),

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech