Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Сенатор сўрови: ногиронлиги бўлган шахслар учун жамоат транспортида муносиб шароитлар яратилганми?

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция бошлиғига сенатор сўрови юборди.

Сўровда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, улар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Шу билан бирга, айрим ҳудудларда жамоат транспорти ва транспорт инфратузилмасини ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш билан боғлиқ камчиликлар сақланиб қолаётгани таъкидланган.

Хусусан, Тошкент вилояти “Dugonalar” ногирон аёллар жамияти мурожаати асосида ўтказилган ўрганишлар давомида Тошкент шаҳри Жанубий вокзалидан Янгийўл туманидаги “Ниёзбош” маҳалласига қатновчи 194-сонли автобус йўналишида ҳаракатланувчи автобусларда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ўринлар, ахборот таблолари ва овозли эълон тизимлари назарда тутилмагани аниқланган.

Мазкур йўналишдаги автобус бекатларида пандуслар, тутқичлар, Брайл алифбосидаги маълумотлар, овозли ахборот воситалари ҳамда тактил қопламалар каби инфратузилма элементлари етарли даражада мавжуд эмаслиги қайд этилган. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан тўлиқ ва хавфсиз фойдаланиш имкониятларини чекламоқда.

Шу муносабат билан сенатор сўровида аниқланган ҳолатлар юзасидан давлат назорати қай даражада амалга оширилгани, қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар юзасидан асослантирилган жавоб тақдим этиш ҳамда масъул ташкилотлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.

                                                   Н.Абдураимова, ЎзА

Nashr sanasi 31.07.2026 Ko'rishlar 19
Ulashish