Уй-жойга бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, низоларни ҳал этиш тартиблари

Одил судлов академиясида “Халқаро қиёслашда уй-жой ҳуқуқи ва маъмурий тартиб-таомиллар” мавзусида гибрид шаклда амалий семинар бўлиб ўтди.

Судьялар олий кенгаши ва Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳар икки давлат суд тизими вакиллари, экспертлар ҳамда Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш устувор вазифа этиб белгиланган.

Фармон ижроси доирасида бўлиб ўтган семинарда фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ҳуқуқий асослари, давлат органлари билан муносабатлар, бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда юзага келган низоларнинг ҳал этиш тартиблари хусусида ҳар икки мамлакат тажрибаси ҳақида сўз юритилди.

Хорижий тажрибани ўрганиш, илғор амалиётлар билан танишиш ва уларни миллий суд амалиётига татбиқ этишда бундай тадбирларнинг аҳамияти катта. 

Бундай тадбирлар академия тингловчилари учун халқаро тажрибалар билан яқиндан таниш имконини беришдан ташқари Ўзбекистон суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Санаб ўтилган омиллар, айниқса, илғор тажрибалар алмашинуви профессионал судьялар корпусини шакллантиришнинг янада самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва устувор вазифаларни белгилашда алоҳида аҳамият касб этади.

Семинар якунида ҳамкорлик истиқболлари ҳамда қўшма лойиҳалар амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech