21 октябрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов бошчилигидаги делегация АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига ташриф буюрди.
ИҲТ Комиссияси аъзолари БМТ Бош Ассамблеясининг Учинчи қўмитаси мажлисларида иштирок этмоқда.
Комиссия раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов шу куни ИҲТнинг Нью-Йоркдаги Доимий қароргоҳида ҳам бўлди.
Маълумот учун: БМТ Бош Ассамблеяси доирасида 6 та асосий қўмита фаолият юритади. Мазкур қўмиталар тўлиқ таркибли ишчи органлар бўлиб, уларнинг фаолиятида БМТга аъзо барча давлатлар иштирок этади.
Бу қўмиталарнинг ҳар биттаси БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида муҳокама этиладиган масалаларнинг муайян йўналишлари бўйича маърузалар тайёрлаш ва тақдим этиш учун масъул ҳисобланади. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг Учинчи қўмитаси ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар, жумладан инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланади.
БМТ Бош Ассамблеясининг Ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар бўйича қўмитаси, яъни Учинчи қўмита Бош Ассамблея ялпи мажлиси кун тартиби бандлари бўйича ўзи масъул бўлган ҳар қайси масала юзасидан алоҳида маърузалар тақдим этади. БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида ҳар битта маъруза атрофлича кўриб чиқилиб, ундаги резолюция ва қарор лойиҳалари тасдиқлаш учун овозга қўйилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.10.2019
- Кўришлар: 5684
- Чоп этиш