Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Одил судловга эришиш – инсон ҳуқуқи кафолати

Инсон ҳуқуқи ҳимояси фақат қонунда белгиланиши эмас, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қила олиши билан ҳам таъминланади. Суд мустақиллиги, юридик ёрдам ҳамёнбоплиги ва ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррарлиги айни жараённинг муҳим шартидир. Халқаро инсон ҳуқуқи куни муносабати билан Тошкентда ўтказилган анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда одил судловдан фойдаланиш имкониятини шу нуқтаи назардан муҳокама қилишди.

Европа Иттифоқи делегацияси, Буюк Британия, Швейцария ва Германия элчихоналари ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича Олий комиссари бошқармасининг республикамиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир давлат идоралари, парламент, суд тизими, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини тўплади.

Европа ташқи ҳаракат хизмати Марказий Осиё бўлими раҳбари Ева Палатова ЕИ ва Ўзбекистон шериклигида одил судлов масаласи муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

– Одил судловдан фойдаланиш имконияти Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда GSP+ тизими доирасидаги муҳим мажбуриятдир, – деди у. – Мазкур қоидага риоя қилиниши фуқаролар ҳаётини сезиларли даражада ижобий томонга ўзгартиради.

БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Сабине Маҳл ислоҳот натижаси инсон ўз ҳуқуқидан амалда фойдалана олишида намоён бўлишини қайд этди.

– Қабул қилинган қонун ёки ташкил этилган институт муваффақият мезони эмас, – дея таъкидлади БМТ вакили. – Энг муҳими, ҳар бир инсон молиявий аҳволи, жинси ёки яшаш жойидан қатъи назар, адолатли суд муҳокамасидан фойдалана олиши, ҳуқуқи бузилганда ҳимоя топиши шарт.

Швейцария элчиси Симон Гигер 2023 йил оилавий зўравонлик жиноят сифатида белгиланишини муҳим қадам деб атади. Унинг таъкидлашича, энди асосий вазифа ҳужжатнинг изчил ижроси ва жабрланувчининг ҳимояга эриша олишини таъминлашдан иборат.

Буюк Британия элчихонаси муваққат ишлар вакили Жеймс Род-Мур эса юридик хизмат қимматлиги ёки муассасага мурожаат қилиш қийинлиги инсонни адолат излаш имкониятидан маҳрум этмаслиги кераклигига эътибор қаратди.

Икки алоҳида сессияда суд мустақиллиги, жараённи кузатиш, халқаро инсон ҳуқуқи стандартини миллий амалиётга татбиқ этиш ва аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояга эришиши масалалари кўтарилди. Хусусан, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг юртимиздаги раҳбари Петра Горюп суд мониторинги бўйича халқаро тажрибани тақдим этди. БМТ Хотин-қизлар камситилишига барҳам бериш қўмитаси раиси Наҳла Ҳайдар аёллар одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқи ва давлатларнинг бу борадаги мажбуриятига тўхталди.

Муҳокама давомида суд мустақиллигига эришиш, ҳамёнбоп юридик ёрдам олиш, жабрланувчини ҳимоя қилиш ва суд қарори ижросини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. Тадбир якунида билдирилган таклифлар асосида зарур тавсиялар ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро инсон ҳуқуқи куни ҳар йили 10 декабрда нишонланади. 1948 йил шу куни БМТ Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқи умумжаҳон декларациясини қабул қилган. Ушбу сана инсон ҳуқуқини эътироф этиш ва амалда таъминлаш заруратини эслатиб туради.

Мусулмон Зиё,

Ўктам Ҳайитов,

ЎзА

Nashr sanasi 26.11.2026 Ko'rishlar 81
Ulashish