Амалдаги Стратегияда 100, янгиланаётган лойиҳасида эса 451 та мақсад мужассам

Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббусига кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бугунги ривожланиш тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда янгиланмоқда. Янгиланаётган стратегия лойиҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги самарадорлик кўрсаткичлари ўз аксини топган.

Таъкидлаш лозимки, 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг ўрта муддатга мўлжалланган устувор йўналишлари, мақсадлари ҳамда уларга эришиш бўйича самарадорлик кўрсаткичларини белгилаб берди. Унинг доирасида изчиллик билан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юртимизда камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга тушди, ялпи ички маҳсулот ҳажми 107,5 миллиард доллардан 140 миллиард долларга етди, экспорт ҳажми 24,9 миллиард доллардан 27,9 миллиард долларга ошди.  

Шунингдек, ишсизлик даражаси 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Ўзбекистон Глобал инновацион индексида 139 та давлат орасида 82-ўриндан 79-ўринни эгаллади. Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.

Ҳар бир соҳа ва йўналишда дадиллик билан қўлга киритилаётган натижаларни барқарор давом эттириш, янада юқори марраларни ўз олдимизга қўйган ҳолда бугунгидан-да юксак самараларга эришиш ва шу орқали аҳоли фаровонлигини янада ошириш мамлакатимизнинг энг олий мақсадидир.  

Шу мақсадда янгиланаётган 2026-2030 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида 451 та мақсадли кўрсаткич белгиланган. Амалдаги стратегиямизда эса 100 та мақсад акс этган эди. Лойиҳадаги 451 та мақсадли кўрсаткичдан 132 та кўрсаткич янги таҳрирда ва янги мезонлар асосида белгиланмоқда, 190 та янги кўрсаткич билан тўлдирилмоқда. 129 та кўрсаткич ўзгаришсиз қолдирилаётган бўлса, 184 та кўрсаткич чиқариб ташланмоқда.  

Амалдаги стратегияда KPI кўрсаткичлари белгиланмаган. Эндиликда эса KPI кўрсаткичи тушунчаси ишлаб чиқилиб, даража, улуш, фоиз, ҳажм, балл каби бирликларда бўлиши назарда тутилмоқда. Ҳар бир йўналишда кўзда тутилаётган мақсад-вазифалар йилма-йил тарзда белгиланиб, қайси йилда қандай натижага эришиш лозимлиги белгилаб берилаётгани эътиборга молик. Чунки, бу кўзда тутилаётган мақсад-вазифаларга аниқлик, реаллик бахш этиб, уларга эришиш учун маррани баланд олиш ва шунга муносиб тарзда ҳаракат қилишга ундайди.  

Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган, бойитилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ютуқ ва натижаларини янада юқори поғонага кўтариш, халқимиз фаровонлиги ва аҳоли турмуш тарзини юксалтиришга замин бўладиган стратегик ҳужжат бўлади. Уни такомиллаштиришда юртдошларимизнинг фаол иштироки, ҳаётий таклифларни тақдим этиши долзарб аҳамият касб этади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech