Пекин: Ўзбекистон вакили Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форумда қатнашмоқда

10 декабрь куни Пекин шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича “Жануб-Жануб” доирасидаги форум ўз ишини бошлади. Ушбу тадбир Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Матбуот канцелярияси ва ХХР Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда.

Халқаро анжуманда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси минтақаларининг 80 дан ортиқ ривожланаётган мамлакатларидан 300 нафарга яқин мансабдор шахслар ва олимлар, шунингдек, БМТ вакиллари иштирок этмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича форумда Ўзбекистон вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев қатнашмоқда.

  • Форум очилиши арафасида иштирокчилар учун Шарқий Хитой ҳудудида жойлашган Шанхай шаҳрига саёҳат уюштирилди, – деди М.Тиллабоев. – Шаҳарнинг молия маркази, Жаҳон ЭКСПО-музейи, Хуанпу дарёси бўйида яшайдиган маҳаллий аҳоли ҳаёти билан танишдик. Шанхай мегаполисининг фаровонлиги ва барқарор ривожланаётгани эътиборга лойиқдир.

Бугунги кунда Хитой ҳам ўзи изчил тараққий этмоқда, ҳам ривожланаётган бошқа мамлакатлар равнақига кўмаклашмоқда. Бу каби халқаро анжуманлар, ўз навбатида, Хитойнинг янада очиқ давлатга айлангани ва инсон ҳуқуқларига доир масалаларда ўзига ишончи ортаётганини кўрсатади.

Форум тадбирлари икки кун давом этади.

Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича “Жануб-Жануб” доирасидаги биринчи форум 2017 йили Пекинда бўлиб ўтган. Ўшанда Пекин декларацияси қабул қилинган. Унда иштирокчи томонларнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқи ва ривожланиш ҳуқуқи энг устувор ҳуқуқ ҳисобланади ҳамда бу инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий ҳуқуқдир, деган якдил фикр  мустаҳкамланган.

“Жануб-Жануб” доирасидаги ҳамкорлик – муайян ривожланаётган мамлакатнинг бошқа бир ривожланаётган мамлакатга кўмаклашишидир. Бу ҳамкорлик доираси ривожланган давлатларнинг қашшоқ мамлакатларга ёрдам беришини назарда тутадиган анъанавий халқаро ҳамкорлик шаклидан фарқ қилади. 

Бундай ҳамкорлик доирасида одатда ривожланаётган мамлакатлар ўзаро ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боради. Мамлакатлар ўртасида асосан билим, тажриба, кўникма, захиралар ва турли инновацияларни бевосита алмашлашга аҳамият қаратилади. Халқаро донорлар иштирокидаги уч томонлама ҳамкорлик молиялаштириш, ўқитиш, бошқариш, жорий этиш каби йўналишларда ёрдам кўрсатиш омилларини ҳам қамрайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech