2020 йил 15 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими раҳбари Ришард Коменда ва БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер ўртасида видеоконференцалоқа ташкил этилди.
Видеоконференцалоқа чоғида COVID-19 пандемияси шароитларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига доир кенг қамровли масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши курашда қўллаётган қатъий зарур, шу билан бирга самарали, таҳдидларга мутаносиб чора-тадбирлар ва COVID-19 пандемиясининг инсон ҳуқуқларига, айниқса, жамиятнинг заиф қатламига мансуб шахслар - болалар, аёллар, мигрантлар ва маҳбуслар ҳуқуқларига муқаррар равишда кўрсатадиган салбий таъсири оқибатларини камайтириш борасида амалга ошираётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Давлат томонидан кўрилаётган инқирозга қарши чораларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан мунтазам асосда ўзаро ишончли ахборот алмашинуви йўлга қўйилганлигига, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг COVID-19 вирусига қарши курашда иштирок этиш борасидаги тажрибасига боғлиқ экани таъкидланди.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида тайёрланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришига қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Миллий стратегия лойиҳаси миллий маслаҳатлашувлар доирасида муҳокама қилинган. Бу жараёнда, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси ва БМТнинг мамлакатимиздаги Агентликлари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими, шунингдек ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан шарҳ ҳамда таклифлар келиб тушган.
Лойиҳа юзасидан ўтказилган миллий маслаҳатлашувлар асносида фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва дипломатик корпус вакиллари ҳам ўз таклифларини тақдим этган. Ана шу таклиф ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа матни маромига етказилди ва жамоатчилик муҳокамаси учун Марказ сайтига қайта жойлаштирилди.
Видеоконференцалоқа давомида томонлар Миллий стратегия лойиҳасини янада такомиллаштиришнинг истиқболлари ҳақида фикр алмашдилар.
Мулоқот якунида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Ихтиёрий миллий маърузаси лойиҳасига тавсиялар ишлаб чиқиш масаласига эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.04.2020
- Кўришлар: 4429
- Чоп этиш