Шу йил 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус муаммосига тўхталар экан, вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халқимизга мурожаат қилди.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, "Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади".
Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2020 йил 11 март куни янги коронавирус – COVID-19 вирусининг эпидемия ҳолатидан, яъни бир ҳудуд чегарасидан чиқиб, сайёрамизнинг 150 дан ортиқ мамлакатига тарқалиб улгурган пандемияга айланганини эълон қилди.
БМТ Бош котиби А.Гутерриш жаҳон жамоатчилигини коронавирусга қарши курашишга даъват этар экан, "пандемия бизнинг инсоният оиласи барча аъзолари ўртасида мустаҳкам ва узилмас ришталар мавжуд эканини кўрсатди" деб таъкидлади. Шу маънода, COVID-19 вируси янада кенг тарқалишининг олдини олиш инсониятнинг умумий ва якдил вазифаси экани алоҳида қайд этилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет 13 март кунги баёнотида "COVID-19 коронавируси тарқалишига қарши чораларни жорий этаётган ҳукуматлар бундай чораларнинг инсон ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган салбий оқибатларини камайтириш юзасидан бир қатор қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириши" зарурлигини уқтирди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, шунингдек, COVID-19 вирусига чалиниш ҳоллари қайд этилган мамлакатлар ҳукуматларини тоқатсизлик ва камситиш (дискриминация) ҳолатларига қарши курашиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус 2020 йил 16 март куни COVID-19 вируси бўйича ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди: "Олдимизда турган кунлар, ҳафталар ва ойлар бизнинг қатъиятимиз, илм-фанга нисбатан ишончимиз ва ўзаро бирдамлигимизни синовдан ўтказиш даври бўлиши тайин... Бу даврда инсоният бирдамлигининг ушбу ҳайратомуз руҳи дунё бўйлаб вирусдан кўра кенгроқ ёйилиши керак. Гарчи бир-биримиздан маълум муддатгача жисман узоқроқ бўлишимиз эҳтимоли мавжуд бўлса-да, биз шу вақтгача мисли кўрилмаган миқёсда бирлашиш имконияти олдида турибмиз".
Бугунги кунда Ўзбекистон Ҳукумати коронавирус инфекцияси мамлакатимиз ҳудудида кенг тарқалмаслиги учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Бу ўринда вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Президентимиз топшириғига мувофиқ Республика махсус комиссияси тузилганини алоҳида қайд этиш лозим. Шу боис Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олди олинди.
Мамлакатимиз раҳбари халққа мурожаатида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш билан боғлиқ учта муҳим масалага тўхталди.
Биринчидан, шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур.
Иккинчидан, Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўриши керак.
Учинчидан, мажбурий таътил пайтида фарзандларимиз ўқув машғулотларини давом эттиришлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тарихимиз, бой маданиятимизга оид кўрсатув ва эшиттиришлар, ёшларимиз учун фойдали ва қизиқарли бадиий дастурлар, кинофильмларни кўпайтириши лозим.
Ана шу муҳим вазифалар ижроси доирасида Бош вазир А.Арипов раҳбарлигидаги Республика коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус комиссияси томонидан ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Хусусан, 16 мартдан бошлаб барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди ва 80 минг нафар талаба марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди. Одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирларни ўтказиш чекланди. Ўзбекистон жаҳоннинг бошқа давлатлари билан транспорт алоқаларини тўхтатмоқда. Хориждаги юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанимизга қайтарилмоқда.
Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди.
Телевидение, радио, Интернет, ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа операторлари ва бошқа шу каби илғор оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда, аҳоли ўртасида самарали санитария-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бунда коронавирус инфекцияси тарқалишига олиб келадиган сабаблар ва шароитлар, шунингдек, унинг олдини олиш чоралари ҳақида фуқароларга атрофлича тушунтириш берилмоқда.
Инсоннинг яшаш, соғлигини сақлаш ва ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчилик талаблари доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вирусга қарши курашишнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларга таъсирини юмшатиш бўйича аниқ вазифалар бажарилмоқда.
Жумладан, 16 мартдан эътиборан ягона фавқулодда алоқа тизими (1003 рақамда) ишга туширилди. Шунингдек, Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига қуйидаги рақам бўйича мурожаат қилиш мумкин: 71−276−49−66.
Ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари кенг жамоатчилик эътиборини яна бир муҳим масалага, яъни ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини «пиар қилиш»ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринаётганига қаратди. Аммо, "саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим", деди Президентимиз.
Чиндан ҳам, кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда ҳатто коронавирус инфекциясига чалинган кишиларнинг шахсий маълумотларига доир ахборотлар ҳам тарқалгани кузатилди. Ваҳоланки, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, бемор «тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши» ҳуқуқига эга.
Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги чақириқларига жамоатчилигимиз эътиборини қаратади:
- COVID-19 вируси тарқалишига доир вазият ва ундан ҳимояланиш чоралари бўйича маълумотлардан фойдаланишда ишончли ахборот манбаларига таяниш;
- ўзаро ғамхўрлик кўрсатиш ва бирдамликни намойиш этиш, яқинлар ва қариндош-уруғлар билан доимий мулоқотда бўлиш;
- пандемияга қарши курашнинг бошида турган тиббиёт ходимларининг шу кунлардаги фидойи хизматларини ёдда тутиш;
- инфекцияга чалинганларга нисбатан, масалан, «коронавирус қурбонлари» каби ҳар хил «атамалар»ни қўллашдан тийилиш;
- инсонийликни намоён этиш: бинобарин, коронавирус қандайдир миллат ёки ирққа мансуб касаллик эмас; ушбу инфекцияга чалинганлар сизу бизга ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмайди – улар мададимиз ва ҳамдардлигимизга лойиқдирлар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари раислигида 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Худди шу куни Ўзбекистон Президентининг "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони имзоланди. Шунингдек, 23 мартда Вазирлар Маҳкмасининг "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда ушбу мажлис ва расмий ҳужжатларда белгиланган муҳим вазифаларнинг ижроси қатъий таъминланмоқда.
Мухтасар айтганда, COVID-19 вируси – жамиятимизнинг жипслигини синайдиган жиддий имтиҳондир. Бинобарин, ҳар биримиз коронавируснинг тарқалишига қарши биргаликда аҳиллик билан курашиш асносида ушбу синовдан муваффақиятли ўтишни ўрганамиз ва зарур кўникмалар ҳосил қиламиз. Президентимиз таъкидлаганидек, "Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади".
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 25.03.2020
- Кўришлар: 4474
- Чоп этиш