Ироқ ОАВ: Финляндия бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бормоқда
БАҒДОД, 31 октябрь. /"Дунё" АА/. Ироқнинг оммабоп "Agnaden" нашрида "Ўзбекистон ва Финляндия: технологиялар ва ишонч асосидаги иқтисодий ҳамкорлик" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Нашрда қайд этилганидек, Ўзбекистон-Финляндия муносабатларининг тарихи 1990 йиллар бошига бориб тақалади. Финляндия 1991 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Орадан икки ой ўтиб, 1992 йил 26 февралда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Шу тариқа ўзаро ҳурмат, ишонч ва технологик тараққиётга интилишга асосланган ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилган.
"Бугунги кунда Ўзбекистон-Финляндия муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини 8 та амалдаги ҳужжат ташкил этади, шундан 2 таси давлатлараро, 6 таси ҳукуматлараро битимлардир, – дейилган мақолада. – Икки давлат ўртасида янги ташаббуслар ҳам кўриб чиқилмоқда, жумладан, дипломатик паспорт эгалари учун визасиз режимни жорий этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича турли лойиҳалар амалга оширилмоқда".
Манбада таъкидланишича, Финляндия Ўзбекистонда нафақат савдо, балки инновация ва инвестициялар манбаи сифатида эътироф этилади. Бугунги кунда мамлакатда 14 та Финляндия капитали иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда, шундан 4 таси қўшма, 10 таси 100 фоиз хорижий капиталга эга. Улар электроника, дастурлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, кимё саноати ҳамда телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритади.
Фин компаниялари қайта тикланувчи энергия, чиқиндиларни қайта ишлаш, экологик қурилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва барқарор қишлоқ хўжалигига оид лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон томони эса инвесторлар учун солиқ имтиёзлари, саноат зоналари инфратузилмаси ва 75 миллиондан ортиқ аҳолига эга Марказий Осиё бозорига кириш имкониятини таклиф этмоқда.
Нашрда Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги иқтисодий алоқалар тўғрисида ҳам сўз юритилган. "Жумладан, савдо кўрсаткичлари сўнгги йилларда сезиларли ўсишни намойиш қилмоқда: 2020 йилда товар айланмаси 48,45 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 151,7 миллион долларга етиб, 3,1 баробарга ошган. Бу эса Финляндия бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади", – дейилган "Agnaden" мақоласида.
Ўзбекча
English
Русский