Халқаро анжуманда нега айнан ёшлар муаммоси муҳокама этилади?Аввал хабар берганимиздек, 7-8 октябрь кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) томонидан пойтахтимизда “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтади. Ушбу халқаро анжуман нега айнан ёшлар масалалари муҳокамасига бағишланади? Бу саволга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ қуйидагича изоҳ берди:
-Аввало шуни таъкидлаш жоизки, ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ҳар йили муайян долзарб мавзу доирасида халқаро семинар ташкил этади, - дейди А.Саидов. - Тошкентда бўлиб ўтадиган Йиллик 6-семинар мавзуси ҳам ниҳоятда аҳамиятли.
Биринчидан, ёшлар ҳуқуқлари масаласида қабул қилинган халқаро ҳужжатлар етарли эмас. Айтиш ўринлики, Ўзбекистон ҳукумати ушбу муаммога халқаро ҳамжамият эътиборини биринчилардан бўлиб қаратди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича халқаро ташаббусни илгари сурди. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатда глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш масалалари ўз мужассамини топади.
Демак, ИҲТнинг ушбу семинари кейинчалик қабул қилинадиган халқаро меъёрий ҳужжатлар учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Иккинчидан, ҳозирда ИҲТга аъзо давлатлар аҳолисининг кўп қисмини ёшлар ташкил этади. Социологлар 2050 йилга бориб жаҳондаги ёшларнинг учдан бир қисми ИҲТ мамлакатларида яшаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Ёшлар ИҲТга аъзо давлатлар учун салмоқли демографик салоҳият ҳисобланади. Саноатда, инновацион ривожланишда бундан самарали фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, бу ҳолат муайян муаммоларни ҳам юзага келтиради.
Сифатли таълим бериш, етарлича иш жойлари яратиш ҳамда таълим олгандан сўнгмеҳнат бозорига киришни енгиллаштириш, эркаклар ва аёллар учун меҳнат бозорида кенг имкониятлар шакллантириш, турмуш даражасини ошириш учун авлодлар ўртасидаги ижтимоий мобилликка кўмаклашиш, ёшларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишини ҳамда уларнинг зарарли моддаларга боғлиқлигини камайтириш каби муаммолар шулар жумласидандир.
Учинчидан, тадқиқотлар ИҲТга аъзо кўпчилик мамлакатларда ёшларнинг салмоқли қисми фаол эмаслигини, улар сиёсий қарорлар қабул қилишда иштирок этиш ва сиёсий қарорларни амалга ошириш билан боғлиқ жараёнлардан четда қолаётганини кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, мусулмон ёшларининг интеграциялашишига, улар салоҳиятидан унумли фойдаланишга кўпроқ эътибор қаратишни тақозо этади.
Бу мақсадга “ёшлар муаммоларини ҳал этиш” билангина эмас, “ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш” билан эришиш мумкин. Бундай ёндашув орқали, биринчидан, ёшлар ҳуқуқлари таъминланади, иккинчидан, тинч-тотув, демократик жамиятларни барпо этиш ва барқарор ривожланишни таъминлашда ёшлар салоҳиятидан самарали фойдаланилади.
Семинарда шу каби муаммолар атрофлича ўрганилиб, якунда миллий, минтақавий ва глобал даржаларда турли манфаатдор томонлар учун аниқ тавсиялар ишлаб чиқилади. Шунингдек, якунловчи ҳужжат ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги сессиясида тақдим этилади.
Манба: Даракчи
- Қўшилди: 06.10.2019
- Кўришлар: 5723
- Чоп этиш