2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Ҳукумати, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси (ИҲМДК) томонидан Ўзбекистон ҳукумати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси (ИҲОКБ) билан ҳамкорликда “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусида халқаро семинар ташкил этилмоқда.
Семинарда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги 50 дан зиёд давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари иштирок этади.
Хусусан, Афғонистон, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Буркина-Фасо, Габон, Гвинея, Гамбия, Жазоир, Жибути, Иордания, Индонезия, Комор ороллари Иттифоқи, Мавритания, Малайзия, Мали, Марказий Африка Республикаси, Марокко, Миср, Мозамбик, Нигерия, Озарбайжон, Покистон, Саудия Арабистони, Сенегал, Сьерра-Леоне, Судан, Сомали, Того, Тожикистон, Тунис, Туркия, Туркманистон, Уганда, Чад, Эрон, Яман, Ўмон, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт каби мамлакатлардан иштирокчилар таклиф этилган.
Семинарда, шунингдек, БМТ, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европа Кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг экспертлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар мутахассислари иштирок этади.
Халқаро анужан қатнашчилари ИҲТда иштирок этувчи давлатларда ёшлар ҳуқуқлари, халқаро миқёсида ёшлар масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар, муаммо ва камчиликлар борасида статистика ва таҳлилий маълумотлар билан таништирилади.
Маърузаларда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари ва ислом, ёшлар ҳуқуқларига тааллуқли халқаро воситалар ва механизмлар, ИҲТ давлатларида ёшларнинг аҳволи, демократик жамият ва барқарор ривожланишни барпо этишда ёшлар ҳуқуқларининг интеграцияси каби масалалар ёритилади.
Севара Ишмуратова,
журналист
- Қўшилди: 04.10.2019
- Кўришлар: 5803
- Чоп этиш