2020 йил 28 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси лойиҳаси бўйича миллий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими ҳамда ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мазкур тадбирни кириш сўзлари билан очиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори Хелена Фрейзер, ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги вакили вазифасини бажарувчиси Ханс-Ульрих Им Миллий стратегия қабул қилинишининг аҳамияти, унинг инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Марказ директори Акмал Саидов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегияси лойиҳаси 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга мурожаатномада ўз ифодасини топган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси асосида ишлаб чиқилганлигини таъкидлаб ўтди.
Милий стратегия инсонлар турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб беради.
1993 йил 25 июнь куни Вена шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясида қабул қилинган Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида ҳар бир давлатга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни яхшилаш учун, миллий ҳаракатлар режасини (стратегиясини) ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш тавсия қилинган. Бугунги кунга келиб, жаҳоннинг 40 дан ортиқ давлати ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси (режаси) ни қабул қилган, улар орасида Австралия, Буюк Британия, Швеция, Норвегия, Индонезия, Мексика каби мамлакатлар бор.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш; инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чоралар тизимини яратиш; қонунчиликка ва давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини ошириш; аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада самарали ахборот ва маърифат тарқатиш, таълим бериш фаолиятини ташкил этиш; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликка қаратилган.
Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида 50 дан ортиқ давлат органлари, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан 300 дан ортиқ таклифлар олинди, улардан 200 га яқини лойиҳани такомиллаштириш учун қабул қилинди.
Шунингдек, Миллий стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилди. Миллий стратегия лойиҳаси юзасидан 30 дан ортиқ миллий электрон сайтларда, 10 дан ортиқ хорижий сайтларда ижобий муносабатлар билдирилди.
Тадбирда 100 дан ортиқ иштирокчилар, шу жумладан фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий-ўқув муассасалар раҳбар ва ходимлари қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
- Қўшилди: 28.02.2020
- Кўришлар: 4713
- Чоп этиш