Ўзбекистон ирқий камситиш ва камситишнинг бошқа барча шаклларига йўл қўймаслик, турли этник, маданий ва диний гуруҳларнинг аҳил ҳамда ҳамжиҳат яшашини таъминлаш борасида дунёнинг кўплаб давлатлари учун ўрнак бўлишга муносибдир.
Бу эътироф Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг 100-сессиясида халқаро экспертлар томонидан билдирилди.
Аввал хабар қилинганидек, 3-4 декабрь кунлари мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Ўнинчи – Ўн иккинчи қўшма даврий маърузаларини сессия иштирокчиларига тақдим этди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор хусусиятларидан ҳисобланади. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг.
БМТ Қўмитаси аъзолари мулоқот асносида Ўзбекистонда жамиятдаги миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром муҳити қандай таъминланаётгани билан қизиқдилар. Мамлакатда турли миллатларнинг тили, урф-одат ва анъаналарини қадрлаш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга доир қонун ҳужжатларининг амалда қўлланилиши масаласига ҳам эътибор қаратилди.
БМТ Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитаси раиси Амир Нуреддиннинг (Жазоир) қайд этишича, Ўзбекистон – юксак маданият бешигидир. Бу ҳудудда турли миллат ва дин вакилларининг ўзаро аҳил ва тинч-осуда истиқомат қилиши БМТ Қўмитаси аъзолари учун жуда аҳамиятлидир.
Ўзбекистон даврий маърузалари бўйича БМТ Қўмитаси номидан маърузачи Яньдуань Ли (Хитой) 2016 йилдан буён мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида шиддатли ислоҳотлар бошлангани ва бугунги кунда муайян самараларга эришилганини қайд этди. Маърузачининг эътироф этишича, Ўзбекистон Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция доирасидаги ўз мажбуриятларини бажариш борасида ҳам муҳим натижаларни қўлга киритган.
БМТ Қўмитаси аъзолари томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатли таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари мисолида мамлакатда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот механизмининг йўлга қўйилгани алоҳида диққатга сазовор экани таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.12.2019
- Кўришлар: 4831
- Чоп этиш