Клод Лебланс – француз журналисти. Францияда нашр этиладиган «L'Opinion» газетаси таҳририятида “Осиё” бўлими мудири ва муҳаррир бўлиб ишлайди.
«L'Opinion» газетаси – француз тилида чиқадиган навқирон, анча оммабоп, мустақил кундалик ахборот нашридир. Унинг номланиши итальянларнинг «Il Foglio» ва америкаликларнинг «Politico» газеталари номига ўхшайди.
Ўзбек тилида бу ном «Муносабат» деган маънони англатади. «L'Opinion» газетаси саҳифаларида асосан Европа минтақаси манфаатларига доир масалалар, хусусан, Франция бизнеси ва иқтисодий ҳаётининг кундалик муаммолари либерал қарашлар негизида ёритиб борилади.
Клод Лебланснинг бўлими газета ахборот майдонини Осиё қитъаси янгиликлари билан тўлдириб боради. Бунда Клоднинг бир муддат Япония, Хитой каби минтақанинг етакчи мамлакатларида ишлаб келгани муҳим роль ўйнамоқда.
«L'Opinion» газетаси «Bey medias» компаниясига қарашли бўлиб, жойларда кенг мухбирлик тармоғига эга. Нашрнинг матбаа ва рақамли шакллари бир хил вақтда – 2013 йилдан нашр этила бошланган. Адади – 42 000 нусха. Веб-сайти: www.lopinion.fr.
Клод Лебланс 21 декабрь куни Тошкентга келди. Куни кеча эса у Буюк Британиянинг “The Economist” журнали томонидан Ўзбекистон “Йил мамлакати” дея эълон қилинганидан хабар топди.
Француз журналисти Ўзбекистонга келиб, сўнгги йилларда мамлакатда муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани туфайли “вазият яхши томонга ўзгарган” деган фикрга шахсан гувоҳ бўлди. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатда янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилаётган сайловларга юқори даражада ҳозирлик кўрилган.
– Энг асосийси, ташрифим бошидаёқ янги Ўзбекистонга мос сайловларни кузатдим, – деди Клод Лебланс. – Бу сайловлар, умуман олганда, Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ва шиддатли ислоҳотлар фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган ва бу жуда муҳимдир.
К.Лебланс сайловда овоз бериш жараёнларини кузатиш учун 22 декабрь тонг саҳарда Самарқандга йўл олади.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 21.12.2019
- Кўришлар: 5006
- Чоп этиш