Конституция куни: Президент 92 нафар маҳбусни афв этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 92 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 20 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 37 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 16 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, 73 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда ва пробация хизмати органлари назоратидан олинмоқда. Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатлар намоён бўлганининг амалий ифодасидир.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Маълумот учун: кейинги йилларда мамлакатимизда инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган фуқаролар, жумладан, ёш йигит-қизлар ва аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан
6 мингдан зиёд киши фуқароликка қабул қилиниб, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган, қилган ишларидан чин дилдан пушаймон бўлган ва ахлоқий тузалиш йўлига қатъий кирган 4 мингдан зиёд шахс афв этилди.

Фаолияти тақиқланган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди.

Суд-ҳуқуқ ислоҳоти доирасида кўзда тутилган янгиликлар фуқароларнинг одил судловга эришиш кафолатларини кенгайтирди. Жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим таркибий қисми сифатида судларнинг холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш учун шароит яратди.

Фақат 2018 йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далилларнинг етарли эмаслиги учун тўхтатилди. 867 киши оқланди, бу кўрсаткич  2016 йилда – 28, 2017 йилда – 263 тани ташкил этган. Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан билдирилган айбловлардан, тергов давомида асоссиз равишда айбланганлар истисно қилиниб, 3 минг 290 нафар шахс суд залидан озод қилинган.

2019 йилнинг ўтган даврида 758 киши оқланди. 2 минг 306 киши суд залидан озод қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech