Тождорвирус пандемиясига қарши курашишнинг икки усули ҳақида мулоҳазалар
Ҳозирги кунда бутун дунё, БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш таъкидлаганидек, нафақат коронавирусга қарши, балки Covid-19 ҳақида нотўғри ахборот кўпайишига қарши ҳам курашмоқда. Чунки ёлғон маълумотлар коронавирусдан-да хавфлироқдир.
Бу фикрнинг қанчалик асосли эканига шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабар ва чиқишлар мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг бу борадаги қарор ё баёнотларига асосланмаган. Шунингдек, коронавирусга қарши курашда ибратли натижага эришган мамлакатлар тажрибасига ёки кўплаб беморларни даволаган фидойи врачлар амалиётига таянилмаган.
Дунё бемисл пандемия балосига тўқнаш келган, у билан боғлиқ кўп нарсалар ҳали номаълум бўлган, вазият деярли кундан-кун ўзгариб турган ҳозирги даврда, албатта, одамлар ҳамма жойдан ахборот изламоқда. Бундай пайтда, афсуски, кўпчилик турли уйдирмаларнинг жабрини чекмоқда.
Facebook тармоғи томонидан биргина март ойида коронавирус тўғрисида ёлғон маълумот берилган 40 миллионта пост аниқланган. Компаниянинг таъкидлашича, Facebook мутахассислари «инсонлар саломатлигига путур етказувчи коронавирус ҳақидаги юз минглаб дезинформация маълумотлари»ни ўчиришган. Бундай уйдирмалар орасида "коронавирусга қарши кирларни оқартирувчи моддаларни ичиш фойдали" экани, "одамлар орасида хавфсиз масофага риоя қилиш эса самарасизлиги" тўғрисидаги асоссиз таъкидлар ҳам бор.
Айтмоқчимизки, ижтимоий тармоқлардаги тождорвирусга доир чиқишларнинг аксарияти интернет саҳифаларида "ёмғирдан кейинги қўзиқорин" каби урчиб бораётган ана шундай ёлғонларнинг давомидир. Уларда бир қатор бемаъни даъволар кўтарилаётгани ҳам буни тасдиқлайди.
Масалан, бундай чиқишларда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида турли давлатларда жорий этилган карантин, ўзини ўзи яккалаш каби муайян чекловлар гўёки самарасиз эканини уқтиришга ҳаракат қилинмоқда. Бунинг исботи сифатида қатъий чеклов чораларини жорий этиш орқали тегишли натижаларга эришган Хитой ва Жанубий Кореянинг тажрибаси танқид остига олинмоқда. Европа қитъасидаги карантин эълон қилмаган айрим мамлакатларнинг бефарқлиги, аксинча, тарғиб этилмоқда.
Содда қилиб айтганда, ҳақиқатнинг оёғини осмондан келтириб "тушунтирилмоқда". Энг ёмони, пандемияни ҳатто сиёсийлаштиришга уринишлар бўлмоқда. Ҳолбуки, бу қаттол вирус сайёрамизда, 20 апрелнинг биринчи ярми ҳолатига, 2 миллион 404 минг 249 кишига юққан бўлиб, шундан 165 минг 229 нафар инсоннинг ёстиғини қуритди.
Шу боис мазкур масаланинг моҳиятига батафсилроқ тўхталамиз. Гап шундаки, бугун жаҳон амалиётида коронавирус пандемиясига қарши курашнинг икки хил усули кузатилмоқда. Булардан бири – «хитойча усул» бўлса, иккинчиси «америка-европача усул» ҳисобланади.
Экспертларнинг таъкидлашича, «хитойча усул» қатъий карантин чоралари мажмуининг татбиқ этилишида намоён бўлади. Бу усул асосан аҳолининг ўзини ўзи яккалаган ҳолда ҳимояланиши, ижтимоий масофани сақлаш ва гигиена талабларига қаттиқ риоя этишни назарда тутади.
Шу билан бирга, транспорт ҳаракатланиши чекланади. Ишлаб чиқариш корхоналари, дам олиш масканлари вақтинча ёпиб қўйилади. Оммавий тадбирларни ўтказишга ҳам чекловлар қўйилади. Бундан кўзланган мақсад – вируснинг юқиши занжирини аниқлаш ва беморларни аҳолининг асосий қисмидан алоҳида ажратиб даволашдир.
Ўз навбатида, «америка-европача усул» фуқароларнинг шахсий интизоми ва масъулиятига таянади. Яъни, давлат томонидан ҳеч қандай чеклов чоралари жорий этилмайди. Инфекция тарқалиши учун жавобгарлик фуқароларнинг зиммасига юкланади.
Мутахассисларнинг баҳолашича, «америка-европача усул» замирида аҳолининг «табиий танланиш» тамойили ётади. Бунда аҳолининг аксарият қисми коронавирусга чалиниши оқибатида табиий иммунитет юзага келиши эҳтимолига ишонилади.
Ушбу усул фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи кўп жиҳатдан уларнинг иммунитетига, касалликка бардош бера олиш имкониятига боғлиқлигини назарда тутади. Аммо, афсуски, коронавирусдан тузалган инсонларнинг организми кейинчалик дуч келадиган асоратлар охиригача ўрганилмаган.
Ҳозирги кунда ҳатто Буюк Британия ҳам коронавирусни юқтирган беморлар сони кескин кўпайгани туфайли «эркин чоралар» деб аталувчи усулдан воз кечиб, қатъий карантин йўлини танлади. Айни вақтда бу ерда коронавирусга чалинган беморлар сони, 20 апрель ҳолатига, 121 минг 170 нафардан, вафот этганлар эса 15 минг нафардан ошган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, аввалбошда «америка-европача усул»ни танлаган Италия, Испания, Япония каби кўплаб ривожланган давлатлар ҳам пировардида қатъий карантин чораларини қўллашга ўтди. Бунинг асосий сабаби мазкур мамлакатларда коронавирусдан хасталанган ва вафот этганлар сони кескин ортиб кетгани билан изоҳланади.
Хусусан, АҚШда коронавирус, 20 апрель ҳолатига, 759 минг 569 нафар кишида аниқланган бўлса, шундан 41 минг нафари вафот этган. Испанияда 198 минг 674 киши бу касалликни юқтирган, 20 минг нафардан ортиғи вафот этган. Италияда ушбу ачинарли кўрсаткичлар тегишинча 178 минг 972 нафар ва 23 минг нафардан зиёдни ташкил этмоқда.
Қиёслаш учун: Ғарбий Европадаги карантин чоралари татбиқ этилмаган ягон мамлакат ҳисобланувчи Швецияда коронавирусга чалинган беморлар 13 минг нафардан кўпроқ бўлиб, 1 минг 400 нафардан зиёд киши шу касаллик туфайли вафот этган.
Шунга қарамай, ҳозирда ҳатто Швецияда ҳам чеклов чораларини жорий этиш устида бош қотирмоқда. Мамлакат бош вазири С.Лёвеннинг айтишича, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиги, иш жойлари катта хавф остида қолмоқда, ҳали яна қанча одамлар коронавирусни юқтириб олади ва кўпчилик ўз қадрдонлари билан видолашишига тўғри келади.
Инсон – мукаррам зот. У асло "тажриба ўтказиладиган қуён" эмас. Янада муҳими, коронавирус бўйича карантин – инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишга қаратилган вақтинчалик чоралардир. Буни инсониятни бошқаришга қаратилган қандайдир ўйин деб ўйлаётганлар қаттиқ янглишади.
Сиз эса янглишманг, юртдошим. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг. Бебаҳо соғлик билан гўзал ҳаётнинг қадрига ҳеч нарса етмайди.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 20.04.2020
- Кўришлар: 5528
- Чоп этиш