Лондон болалар учун ижтимоий тармоқни тақиқламоқчи (+видео)

Британия вазирлари Австралияга бориб, у ерда вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш тажрибаси билан танишмоқчи. Лондондаги мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш қоидаларини янада қатъийлаштириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди DW агентлиги.

Болаларни интернетдан яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида Буюк Британия ҳукумати турли чора-тадбирларни кўриб чиқмоқда. Улар орасида Австралия яқинда жорий этганидек, вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш масаласи ҳам бор. Шунингдек, мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш бўйича янада қатъий тавсиялар жорий этиш имкониятлари ҳам ўрганилмоқда.  

Фан, инновациялар ва технологиялар вазири Лиз Кендаллнинг айтишича, амалдаги қонунлар ҳеч қачон бу соҳани янада тартибга солишга қаршилик қилмайди.  

Канберра тажрибасини ўзлаштириш мақсадида Британия ҳукумати вазирларни Австралияга юборишни режалаштирмоқда. Австралия бир ой аввал дунёда биринчи бўлиб 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган давлатга айланган эди.  

Смартфонлар ва ижтимоий тармоқларга ортиқча берилганлик болаларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар бошқа давлатларда ҳам мавжуд. Масалан, ўтган ҳафта Дания 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш режаларини эълон қилди. 

Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech