2 март – Ўзбекистон Республикаси
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган кун
Мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сафига кирганига 31 йил тўлди. Ўзбекистон 1992 йил 2 март куни мазкур нуфузли халқаро ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинган.
Шундан буён Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида мустақил давлатимиз байроғи ҳилпираб турибди.
Шундан буён Ватанимиз номи олий минбарларда мағрур жарангламоқда.
Шундан буён Ўзбекистон БМТнинг барча тадбирларида фаол иштирок этмоқда.
Бундан 75 йилдан кўпроқ вақт олдин ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳозирги вақтда 193 давлатни бирлаштирган. Ўзбекистон Республикаси Президенти қайд этганидек, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган асосий халқаро ташкилот билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда.
БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда.
Мамлакатимиз БМТ ва унинг қатор ихтисослаштирилган муассасалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилот, Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти, Жаҳон банки, МАГАТЭ ва бошқа халарқа ташкилотлар ишида фаол иштирок этаётир.
Бундан 30 йил илгари – 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилган. Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастури, фонд ва агентликлари, шу жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), Болалар фонди (ЮНИСЕФ), Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастур, Гендер тенглик, Аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмалари фаолият кўрсатмоқда.
Турли йилларда Ўзбекистонга БМТ бош котиблари – Кофи Аннан, Пан Ги Мун, 2017 йили – амалдаги Бош котиб Антониу Гутерриш ташриф буюрган.
Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида унинг мақсад ва ваколатларига қатъий риоя этади. Ўзбекистон ўз овози ва мақомидан фойдаланиб, БМТ фаолиятининг барча соҳаларига доир ўта муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари суради.
Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария) шаҳарларидаги БМТ бўлимлари ҳузурида, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхонамиз Вена шаҳридаги (Австрия) БМТ бўлимида фаолият кўрсатади.
Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, 2020 йил 25 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46- сессиясида онлайн шаклда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди.
Бу нуфузли анжуманларда давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги ташаббусларини эълон қилди. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги шиддатли ислоҳотлар туфайли БМТ билан ҳамкорлик алоқаларимиз даражаси тубдан юксалди.
Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеяси қатор махсус резолюцияларининг қабул қилинишида намоён бўлди. Жумладан, қисқа даврда: «Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш», «Маърифат ва диний бағрикенглик», «Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт», «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш» бўйича резолюциялар қабул қилингани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
БМТ шафелигида юртимизда бир қанча халқаро конференциялар ташкиллаштирилди. Хусусан, 2017 йил ноябрида Самарқандда “Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор тараққиёт ва ўзаро фаровонлик йўлида ҳамкорлик” конференцияси, 2018 йил мартида Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида, 2021 йилда Хивада “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумлар ўтказилди.
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари ўтказилди. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди тузилди. БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари халқаро кодекси тасдиқланди. Унда ҳар бир давлатнинг фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши кераклиги белгиланган.
Ўзбекистон БМТнинг махсус процедуралари билан ўзаро ҳамкорлик борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. Бу ўринда 2021 йил декабрида Ўзбекистонга БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн ташриф буюрганини алоҳида қайд этиш лозим.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқлари мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда марказий ўрин эгаллайди. Бинобарин, Ўзбекистон “БМТнинг инсон манфаатлари йўлида саъй-ҳаракатга даъвати” ни қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда.
Энг муҳими, жамиятимизда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат туйғуси кучаймоқда. Янада эътиборлиси: “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида 2020 йил 13 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланган. Мамлакатимиз 2021 йил 1 январдан бошлаб бу борадаги вазифасини бажариб келмоқда.
Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида зиммасига олган мажбуриятлари доирасидаги фаолияти ҳақида сўз юритганда, хусусан, мамлакатимиз 2021 йилда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ўз навбатида, 2022 йил декабрида “Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти” шафелигида, фуқаролик жамиятининг хотин-қизлар ташкилотлари ва “БМТ-аёллар” тузилмаси иштирокида минтақавий форум ўтказилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Пандемия шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди. Ўтган йил августида Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди.
Шу кунларда мамлакатимиз делегацияси Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 52-сессиясининг Юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этмоқда. Халқаро ҳамжамият эътиборига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларни истиқболда янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди.
Юқори даражадаги сегмент мажлиси иштирокчиларига юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан батафсил ахборот берилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияси БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси лавозимини таъсис этиш юзасидан илгари сурилган Тошкент ташаббуси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.
Энг асосийси, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш олий минбарида Ўзбекистон делегацияси номидан БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияларининг қабул қилиниши борасидаги мамлакатимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаганлари учун БМТга аъзо давлатларга чуқур миннатдорчилик изҳори янгради.
Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан ўзаро манфаатли ҳаморлик алоқаларини янада кенгайтириш истагида экани эътироф этилди. Шу маънода, БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Э.Эдвардснинг жорий йилда юртимизга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, келгусида Осиё қитъасида инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизм яратишга кўмаклашишга оид режаларни рўёбга чиқариш учун изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши маълум қилинди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Зеро, бугунги мураккаб шароитларда, миқёсига кўра мисли кўрилмаган қуролли зиддиятлар ҳамда халқаро тинчлик ва барқарорликка ошиб бораётган таҳдид саҳнида тинчлик ва хавфсизликни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган универсал халқаро тузилма сифатида БМТнинг роли ва масъулияти ортиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга ва БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги яна бир бор ўз тасдиғини топган. Шу асосда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги даврида инсон ҳуқуқлари соҳасида энг юксак стандартларга содиқлигини намоён қилишга астойдил интилмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 02.03.2023
- Кўришлар: 13257
- Чоп этиш