Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, қиёсий ҳуқуқшунослик ва халқаро ҳуқуқ бўйича профессор, давлат ва ҳуқуқ назарияси, конституциявий ҳуқуқ, парламент ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб фундаментал тадқиқотлар муаллифи Акмал Саидов 9 октябрь куни Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида талабаларга маъруза ўқиди.
Маърузада “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” ўқув фанининг предмети, ўзига хос хусусиятлари, қонуниятлари, категориялари, функциялари, фалсафий, умумий ва махсус методлари, принциплари ва методологиясининг таркибий қисмлари, мазкур фанни ўрганишнинг аҳамияти, унинг ижтимоий фанлар билан алоқадорлиги, юридик фанлар тизимидаги ўрни каби масалалар батафсил тушунтириб берилди.
Талабалар ушбу маърузани янада мукаммал ўзлаштиришлари учун “Давлат ва ҳуқуқ назарияси. Академик маърузалар” номли 3 жилдли мўъжаз рисолалар барча тингловчиларга тақдим этилди. Маъруза сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси муассислигидаги ушбу олий ўқув юрти кутубхонасига академик Акмал Саидовнинг 340 тадан ортиқ муаллифлик китоби совға қилинди. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали кейинги сонларининг 50 та тўплами топширилди.
Тадбир якунида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори Сайфулло Аҳмедов сўзга чиқиб, академик Акмал Саидовга самимий миннатдорлик билдирди. Академия кутубхонасига совға қилинган китоблар ушбу таълим муассасасида амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ҳамда ўқув ишлари сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бу каби маърифий тадбирларни келгусида ҳам изчил ўтказиб бориш таклиф этилди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 09.10.2023
- Кўришлар: 3721
- Чоп этиш