Ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар Москвада ўтказилган «Блишенко ўқувлари»да иштирок этди

12-13 апрель кунлари Москвада «Блишенко ўқувлари» халқаро конгресси бўлиб ўтди. Глобал цивилизациялараро зиддиятлар шароитида халқаро ҳуқуқнинг ўрнига бағишланган ушбу маърифий тадбир доирасида ялпи мажлис ва 12 та давра суҳбати ташкил этилди.

Йигирманчи бор ўтказилган Конгресс ишида Хитой, Эрон, Марказий Осиё давлатлари – жами ўттизга яқин мамлакат мутахассислари, шунингдек, Россиядаги турли вилоятлар ва 100 дан ортиқ университетнинг 400 нафардан зиёд вакили қатнашди. Иштирокчиларнинг 37 нафари фан доктори, 86 нафари фан номзоди, 19 нафари профессор ва 49 нафари доцент ҳисобланади.

Халқаро анжуманда мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари “Рақамли технологиялар ва ҳуқуқ” номли халқаро илмий-амалий конференцияда ҳам қатнашди. Москва психология-социология университети томонидан ўтказилган ушбу форумда академик А.Саидов “Юридик фан ва рақамли технологиялар даврида ҳуқуқшунослик касбининг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.

Ўз навбатида, Москва психология-социология университети ректори А.Панарин Ўзбекистон олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Шунингдек, у таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлар экан, Россия профессорлари анжумани девонининг раҳбари сифатида Ўзбекистон таълим муассасалари билан ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш истиқболлари ҳақида атрофлича тўхталди.

 Халқаро илмий-амалий конференцияда рақамли технологиялар билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнларни тартибга солиш ва ижтимоий муносабатларни муҳофаза қилиш муаммоларига ечим топишга оид масалалар муҳокама этилди. Шиддатли тарзда ривожланаётган рақамли технологиялар даврида айни соҳанинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш ва ривожлантириш юзасидан қизиқарли илмий-амалий мунозаралар бўлиб ўтди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech