Бугун Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.
Маълумки, “Ўзбекистон–2030” стратегиясига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни жорий қилиш ҳамда улар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни муносиб иш билан таъминлаш орқали улар бандлигини 2 баробарга ошириш вазифаси қўйилган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфидаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан 2022 йилда 3 399 нафар, 2023 йилда 5 200 нафар ва 2024 йилнинг январь-апрель ойларида 2 040 нафар ногиронлиги бўлган ишсиз шахслар касб-ҳунарларга ўқитилган.
Ногиронлиги бўлган ёшларга анъанавий ва замонавий касбларни ўргатиш, умумтаълим фанлари ҳамда хорижий тилларга ўқитиш, ўқиш даврида яшаш ва транспорт харажатларини қоплаб бериш мақсадида субсидия ажратиш чоралари кўрилмоқда. Ўтган 2023 йил давомида электрон портал орқали жами 1 557 та аризалар келиб тушган бўлиб, ижобий тавсия берилган 437 нафар ногиронлиги мавжуд ёшларга 5,1 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Тадбирда мономарказ ва касб-ҳунарларга ўқитиш марказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ўқув курсларини ташкил этишда шарт-шароитлар яратиш, касб-ҳунарларга ўқитилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат фаолиятига рухсат этилган соҳа ва тармоқларни ўрганиш ҳамда талаб юқори бўлган касблар рўйхатини шакллантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбатида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг ногиронлиги бўлган шахсларга таълим бериш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги хориж тажрибаси, соҳа ҳуқуқий асосини такомиллаштириш бўйича тавсиялари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш юзасидан фикрлари эшитилди.
Давра суҳбати якунида ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш бўйича тавсиялар қабул қилинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 29.05.2024
- Кўришлар: 1543
- Чоп этиш