4 июнь куни Тошкент шаҳрида “Миллий озчилик вакилларининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда самарали иштироки юзасидан Миллий озчиликлар бўйича олий комиссар тавсиялари: амалий жиҳатлар ва илғор тажриба” мавзусида экспертларнинг давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг директори Элчи М.Шигель, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи А.Карттунен сўзга чиқди.
– Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, бу эзгу ғояларни навқирон авлод онгу тафаккурига сингдириш каби масалалар бугунги кунда барчамиз учун устувор вазифа, – деди А.Саидов.
Ўз навбатида, ЕХҲТ Миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг директори Элчи М.Шигель, жумладан: “бизнинг иқтисодий инклюзивлик сари йўлимиз ҳар бир жамиятнинг ўзига хос шароитларига мослаштирилиши керак. Бу борада шошилинч қарорлар чиқариш ва "бир ўлчам ҳаммага мос келади" қабилида ёндашиш мумкин эмас. Бинобарин, тегишли тавсиялар ЕХҲТга аъзо барча давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга, бунда давлатларнинг ўзлари томонидан ишлаб чиқилган илғор амалиётлар замиридаги муҳим ғояларни тарғиб этишга хизмат қилади”, деб қайд этди.
Давра суҳбатида ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар ишлари бўйича Олий комиссарининг миллий озчиликларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда самарали иштироки бўйича тавсиялари муҳокама қилинди. Бу тавсиялар таълим, бандлик, уй-жой, соғлиқни сақлаш, рақамли инклюзивлик, минтақавий ривожланиш ва атроф-муҳит каби бир қанча муҳим соҳаларга бағишланган. Ушбу соҳаларнинг ҳар бири бўйича миллий озчиликларга мансуб аёллар, шунингдек, турли ёш гуруҳларидаги шахслар, жумладан, ёшлар билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган экспертлар давра суҳбатида мазкур ҳужжатнинг амалий аҳамияти таҳлил этилди. Шунингдек, миллий озчиликлар вакилларининг ижтимоий-иқтисодий интеграцияси соҳасида ЕХҲТ минтақасидаги илғор тажриба тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда давлат органлари ходимлари ва экспертлар, шунингдек, ЕХҲТга аъзо давлатлар, фуқаролик жамияти, миллий озчиликлар жамоалари ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.06.2024
- Кўришлар: 1853
- Чоп этиш