2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги” резолюциясини бир овоздан қабул қилди.
Резолюцияга 30 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Арманистон, БАА, Баҳрайн, Беларус, Эрон, Индонезия, Иордания, Жазоир, Кувайт, Марокаш, Ўмон, Озарбайжон, Покистон, Қатар, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Саудия Арабистони, Сенегал, Сингапур, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Хитой, Япония ва бошқа мамлакатлар ҳаммуаллифлик қилдилар.
Резолюция концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил сентабр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи асосида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг асосини ташкил этувчи концептуал қоидалар инобатга олинган.
Қарорда таъкидланганидек, Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақада гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши кураш билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистоннинг янги сиёсати туфайли минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган.
Минтақа давлатларининг мавжуд ижобий тажрибаси асосида гиёҳвандлик муаммосини ҳал қилишга глобал ёндашув доирасида гиёҳвандликка қарши самарали ҳамкорликка интилиши таъкидланган.
Ҳужжатда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш, стратегик ташаббуслар ва чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларни ҳар томонлама ҳал этишда БМТ, халқаро молия институтлари ва бошқа манфаатдор тарафлар томонидан Марказий Осиё давлатларига кўмакни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги
- Қўшилди: 06.06.2024
- Кўришлар: 1770
- Чоп этиш