2024 йил 7 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ню-Ёрк шаҳридаги қароргоҳида Бош ассамблея Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” деб номланган резолюцияни бир овоздан маъқуллади.
Резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакатлар, шу жумладан Марказий Осиёнинг барча давлатлари, Арманистон, БАА, Баҳрайн, Беларус, Эрон, Индонезия, Кувайт, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Қатар, Россия Саудия Арабистони, Туркия ва Венгрия томонидан ҳаммуаллифлик қилган.
Ҳужжат Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси (2023 йил) ва ШҲТнинг Самарқанд саммитида (2022 йил) умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик руҳини юксалтириш зарурлиги, конструктив ҳамкорликка интилиш, шунингдек, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш учун халқаро ҳамжамиятларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш тўғрисида билдирилган қарашларини концептуал тарзда акс эттиради.
Ҳужжатда дунёда диний ва маданий хилма-хиллик муҳимлиги эътироф этилган ҳолда, барча маданиятлар ва тамаддунларнинг инсониятни тараққиётига қўшган ҳиссаси ижобий қайд этилган. Турли маданиятлар ва цивилизациялар ўртасида бағрикенглик, ҳурмат, мулоқот ва ҳамкорлик рағбатлантирилади.
Резолюциясида цивилизациялар хилма-хиллиги қадриятини англаш, мулоқот, ўзаро ҳурмат ва глобал бирдамликни ривожлантириш мақсадида 10 июнни Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайти
- Қўшилди: 10.06.2024
- Кўришлар: 1907
- Чоп этиш