13 июнь куни Самарқандда ўз ишини бошлаган «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» номли Инсон ҳуқуқлари бўйича IV форумнинг биринчи ялпи мажлиси шу мавзуга бағишланди.
Ялпи мажлисга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Матилда Богнер модераторлик қилди.
Анъанавий халқаро анжуман иштирокчилари қайд этганларидек, мисли кўрилмаган иқлим ўзгаришлари шароитида атроф-муҳит деградациясини юмшатиш билан бир қаторда бутун дунёда инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни жуда муҳим.
Мавзу юзасидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибияти ижрочи директори профессор Ноура бинт Заид Алрашоуд, Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) Бош котиби Мэҳмет Сурейя Эр, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби ўринбосари Чжанг Линг, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) маслаҳатчиси Беҳруз Моҳтари маъруза қилди.
ЕХҲТ Иқтисодий ва экологик фаолияти мувофиқлаштирувчиси Элчи Бакит Жусуповнинг видеомурожаати ҳамда Европа Иттифоқи Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Олоф Скуг, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Бош котиби ўринбосари Нурлан Сеитимовнинг онлайн чиқишлари тингланди.
Жумладан, Элчи Б.Жусуповнинг қайд этишича, ҳозирги кунда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси мамлакатдаги иқлим билан боғлиқ муаммолар харитасини тузмоқда. Шу асосда ҳукумат аҳолининг, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг эҳтиёжларини қондирадиган ахборот сиёсатини ишлаб чиқиши мумкин. ЕХҲТнинг Иқтисодий ва экологик фаолияти мувофиқлаштирувчиси эътироф этганидек, “Бундай лойиҳалар ЕХҲТнинг бутун минтақасидаги бошқа дала миссиялари билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар жамиятларга бевосита таъсир кўрсатади ва барқарор турмуш шароитларини таъминлаш ҳамда бу соҳадаги сиёсат асосларини яратиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради”.
Ўз навбатида, Н.Сеитимов иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларга нисбатан аҳолининг муносабатини шакллантирмасдан туриб, айни шу муаммоларни ижобий ҳал этиш қийин эканига эътиборни қаратди. Шунинг учун ҳам, МДҲ Бош котиби ўринбосарининг фикрича, “Экология соҳасида онгли шахсни тарбиялаш – сайёрамиз ҳаётини сақлаб қолишнинг муҳим шартларидан биридир. Бунда таълим ва маданият дастурларидан экологик тарбия муҳим ўрин эгаллаши лозим. Бу соҳада тўпланган тажрибаларни ҳозирги замон илм-фанига хос билимлар билан уйғунлаштириш, шубҳасиз, жамиятда табиат ва биохилма-хилликни асраб-авайлашга оид қадриятлар тизимини шакллантириш ҳамда атроф муҳит билан ҳамжиҳатликда яшаш кўникмаларини ривожлантириш имконини беради”.
Шунингдек, Форумда Туркия Бош Омбудсмани Шереф Малкоч, Уммон Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Рашид Ҳамад Ҳумаид ал-Балуши, Қатар Инсон ҳуқуқлари миллий қўмитаси Бош котиби Султон бин Ҳассан ал-Жамали, Мўғулистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси Бош комиссари Сунжид Дугар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон Республикаси Миллий маркази раҳбари Салтанат Турсинбекова сўзга чиқди.
Биринчи ялпи мажлис доирасидаги мунозаралар халқаро ташкилотларнинг атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида истиқболли барқарор ечимларни топиш учун қулай мулоқот майдонига айланди. Маърузачилар ўзлари мансуб ташкилотларнинг бу борадаги ёндашувларига тўхталар экан, экологияни соғломлаштиришга қаратилган бошқарув жараёнларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан зарур инновацион ғоялар, илғор тажрибалар ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар алоҳида ўрин тутишини билдирдилар.
Онлайн мунозараларда Озарбайжон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Сабина Алиева, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова, Покистон Инсон ҳуқуқлари миллий комиссияси раиси Робия Жавери Агҳа, Малайзия Инсон ҳуқуқлари комиссияси комиссари Нур Азиа Моҳд Аввал, Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш жамияти вице-президенти, Жилин университетининг ҳуқуқ факультети профессори Лу Гуанджин иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг мазкур анжумани, айниқса, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакилларининг ўзаро фикр алмашишлари учун муҳим аҳамият касб этди. Чунки ушбу институтлар кутилмаган миқёс ва кўламлардаги иқлим ўзгаришлари, биохилма-хилликнинг йўқолиши, атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ мураккаб экологик вазиятда табиий иқлим муҳитини соғломлаштиришга қаратилган бошқарув жараёнларига инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид ёндашувларни татбиқ этишда ноёб имкониятларга эга.
Сўзга чиққанлар экологик муаммолар билан инсон ҳуқуқларининг туташ нуқталарига эътиборни қаратдилар. Бунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар барқарор тараққиётга кўмаклашиш ва экологик офатлардан зарар кўрган аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилишни таъминлашда ўз ваколатларидан нечоғлик самарали фойдаланаётганлиги ҳолати ўрганилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумининг биринчи ялпи мажлисида сўзга чиққан экспертларнинг фикрича, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўз дастурларини экология муаммоларига ечим топишга оид режалар билан уйғунлаштириши мақсадга мувофиқдир. Чунки бундай амалий ёндашув, ўз навбатида, экология адолатсизлигини бартараф этиш, шунингдек, барча инсонларнинг қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган мақбул сиёсатни тарғиб этишда ушбу тузилмалар ҳал қилувчи мавқега эгалигини амалда намоён этишга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»
- Қўшилди: 14.06.2024
- Кўришлар: 2125
- Чоп этиш