Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми давом этмоқда. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи форум иштирокчиларига видеомурожаатида атроф-муҳит соҳасида учраётган муаммолар кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурганини қайд этди.
Шундай экан, биз, аввало, глобал исиш инсон ҳуқуқларига таъсир қилишини ва айни таъсир аллақачон бошланганини англаб етишимиз лозим.
– Самарқандда бу борада бўлиб ўтаётган мунозара натижалари нафақат ЕХҲТ минтақасида, балки янада кенг кўламда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши, бундай жонли муҳокамалар кейин ҳам давом этиши ва амалий саъй-ҳаракатга айланиши керак, – деди М.Мекаччи. – Атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоларининг асоси муштарак ва бир-бирига мосдир. Шунинг учун ҳам ЕХҲТнинг аксарият давлатлари ўз Конституцияларида соғлом атроф-муҳит ҳуқуқини тан олган.
Атроф-муҳитнинг таназзулга учраши инсоннинг бошқа кўплаб ҳуқуқларига раҳна солади. Жумладан, бу офат соғлиқни сақлашнинг энг юқори стандартига эга бўлиш, озиқ-овқат, таълим, уй-жой ҳуқуқи ва ҳатто яшаш ҳуқуқи каби ўта муҳим ҳуқуқлар ижобатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамиятимизда алоҳида роль ўйнашини яна бир бор таъкидламоқчиман. Бинобарин, ЕХҲТнинг барча давлатлари инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олган ҳамда инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлигини ҳурмат қилишда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг роли муҳимлигини эътироф этган.
Албатта, бу мажбуриятлар инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит ҳолатини кузатувчи ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакилларига ҳам тегишлидир. Чунки улар айни масалалар бўйича маълумот берувчи, миллий ва халқаро миқёсда ҳаракатга чақирувчи масъулиятли шахслар ва ташкилотлар ҳисобланади.
– Биз биргаликда ушбу глобал муаммони ҳал қила оламиз ва ҳозирги кунда гувоҳи бўлиб турган мавжуд салбий тенденцияларни ўзаро ҳамжиҳатликда бартараф этишимиз зарур. Шунда Марказий Осиё минтақаси ва бутун ЕХҲТ ҳудуди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг меҳнати ҳурмат қилинадиган ва ҳимоя этиладиган, атроф-муҳитга оид хавотирлар тингланадиган ва ижобий ечимлар татбиқ этиладиган намунавий минтақага айланади, – деди М.Мекаччи.
Норгул Абдураимова,
Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.06.2024
- Кўришлар: 1639
- Чоп этиш