РИМ, 21 июнь. /"Дунё" АА/. Италиянинг етакчи "Agenzia Nova" ахборот агентлигининг "Nova News" онлайн нашрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ўзбекистонда юқори даражадаги экспертлар ва расмий халқаро вакиллар иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи Самарқанд форуми ўтказилди, деб маълум қилинган материалда.
Қайд этилганидек, форум "Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш" мавзусида ўтказилди.
Муаллиф халқаро анжуман иштирокчилари халқаро ҳамжамият доирасида ўз тажрибалари ва фойдали амалиётлари билан ўртоқлашганларини таъкидлаган. Форумдан кўзланган мақсад иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича тавсиялар ва аниқ ечимларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Нашрда турли соҳа мутахассислари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва барчанинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган самарали стратегия ва ёндашувларни қабул қилиш масалалари муҳокама қилингани урғуланган.
"Анжуманда 200 га яқин маҳаллий ва хорижий экспертлар, жумладан иқлим бўйича мутахассислар, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар билан шуғулланувчи ҳукумат вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, тадқиқот марказлари, компаниялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар", –дейилади "Nova News" мақоласида.
- Қўшилди: 19.06.2024
- Кўришлар: 1578
- Чоп этиш