Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка изчил имплементация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидланганидек, ногиронлиги бўлган шахсларга бошқа фуқаролар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш имкониятини берувчи қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда.
Ушбу Қонун билан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунга ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, шунингдек таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга асосан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун қулай мулоқот шаклларини, шунингдек ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга монеликсиз кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонун инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 21.06.2024
- Кўришлар: 1675
- Чоп этиш