25 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Салалаҳ шаҳрида Ўмон султонлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Рашид Ҳамад ал-Балуши билан учрашди.
Учрашув бу ерда “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қарашларни режалаштириш ва амалга оширишни мониторинг қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли” мавзуида ташкил этилган икки кунлик минтақавий форум доирасида бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотда Ўзбекистоннинг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва муҳтор элчиси А.Ҳотамов иштирок этди.
Академик А.Саидов жорий йил 13-14 июнь кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтган “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзуидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумида Ўмон делегацияси фаол иштирок этганлиги учун Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Рашид Ҳамад ал-Балушига миннатдорчилик билдирди. Самарқанд форуми доирасидаги икки томонлама учрашувда келишувга эришилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари дастлабки самараларини бераётганини эътироф этиб, келгусида ўзаро муносабатлар изчил ривожланишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, доктор Рашид Ҳамад ал-Балуши Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумида Ўмон делегациясига кўрсатилган ҳурмат- эҳтиром учун ташаккур айтди. Ўмон султонлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси, шунингдек, ўзининг «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан тақдирлангани ва ушбу мукофот унга Самарқанд форумида тантанали равишда топширилгани муносабати билан алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.
Мулоқот давомида Рашид Ҳамад ал-Балуши таъкидлаганидек, “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг халқаро мажбуриятлари, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросига қаратилганлиги эътиборга сазовор”.
Учрашувда, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўмон Султонлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолаш борасида фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.07.2024
- Кўришлар: 1268
- Чоп этиш