Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг ноёб тизими яратилди. Шу асосда фарзандларимизни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим натижаларга эришилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида ушбу самарали ва таъсирчан тизим моҳиятини очиб бериш зарурлиги таъкидлангани бежиз эмас. Чунки бугун мамлакатимизда айни шу тизим асосида амалга оширилган ибратли ишлар Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати кўплаб давлатлар учун андоза бўлишга муносиблигидан далолат беради.
Ҳуқуқий асос – мустақиллик ва тараққиёт гарови
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 36 миллион 963 минг кишидан ошган бўлиб, 14-30 ёшгача бўлган навқирон инсонлар сони 9 миллион 600 минг нафарни ташкил этган. Яъни, мамлакатимиз бошқа соҳалар қатори нуфус жиҳатидан ҳам, меҳнатга лаёқатли ёшларнинг кўплиги нуқтаи назардан ҳам катта давлатга айланмоқда.
Ёшларимизга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Шу маънода, айни масаланинг ечими ҳам мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилишни тақозо этди.
Асосий қонунимизнинг алоҳида боби – ХIV боб “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланди ҳамда ундан ёшларга оид қатор нормалар ўрин олди. Бундай янгича ёндашув, албатта, Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигининг талаби ва тақозосидир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилди. Конституциянинг 79-моддасида қайд этилганидек: “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради”.
Ўзбекистон Президенти 2024 йил 28 июнда Ёшлар куни муносабати билан ушбу соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоби, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек, мамлакатимизда сўнгги етти йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда “катта сакраш даври” бўлди. Шу етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилгани бунинг ёрқин мисолидир.
Бу ҳақда сўз борганда, хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси 1999 йил декабридаги резолюцияси асосида Халқаро ёшлар масаласи билан шуғулланувчи вазирлар конференциясининг 12 августни – Халқаро ёшлар куни деб эълон қилиш ҳақидаги тавсиясини маъқуллаганини қайд этиш лозим. Ҳар йили ушбу халқаро санада жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга яна бир бор қаратилади.
Миллий қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистонда 30 июнь – Ёшлар куни этиб белгиланган. Шунингдек, 2020 йил 30 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.
Агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади. Шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилгани, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилгани юртимизда соҳа ривожи сари қўйилган йирик амалий қадамлар бўлди. Янада муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2024 йил юртимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди ва бу борада Давлат дастури тасдиқланди.
Инсон қадрини улуғлашга хизмат қиладиган демократик ўзгаришлар жараёнини янги, янада юксак босқичларга кўтарган ушбу ташаббус замирида, бир томондан, жорий йилда мамлакатимизда ёшларга бўлган эътиборни тубдан кучайтириш, иккинчи томондан, аксарият қисмини шижоатли ёшларимиз ташкил этадиган тадбиркорлар тоифасини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар кўламини янада кенгайтиришга оид истиқболли мақсад-муддаолар ўз мужассамини топган. Чунки ёш авлод ҳар қандай мамлакат истиқболини белгилайдиган улкан стратегик қудратдир.
Ўзбекистон – ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакат
Мамлакатимизда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар дунё миқёсида тан олинаётгани таҳсинга сазовор. Ёшлар тараққиёти индексига кўра, ўтган йили Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилгани бунинг яна бир яққол исботи бўлди.
Бунда, шубҳасиз, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилгани муҳим аҳамиятга эга. Асосий қонуннинг 79-моддасига кўра: “Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифаси этиб белгиланди. Таълимга оид нормалар 50,51 ва 52-моддаларда ўз аксини топди.
Бундан ташқари, Конституциянинг 53-моддасида: “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади”, деган норма мустаҳкамлаб қўйилди. Зеро, интеллектуал салоҳияти юқори, дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.
Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда кейинги 7 йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим давр бўлганини алоҳида таъкидлаш айни муддаодир. Хусусан, 151 минг нафар ёшларга 1,7 трлн сўм таълим кредити берилган бўлса, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 110 минг нафар талабанинг контракт пулларини тўлаб бериш учун 332 млрд сўм маблағ ажратилган.
Эътибор беринг: худди шу даврда олий таълим қамрови 9 фоиздан – 42 фоизга кўтарилди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан – 212 тага етди, янги ўқув йилидан улар сони яна 2 тага кўпаймоқда. Бугунги кунда 110 минг нафар ёшларимиз хорижда таҳсил олмоқда.
Кейинги етти йилда АҚШнинг “Печак лигаси”га кирувчи Гарвард, Йель, Колумбия, Стенфорд каби 8 та ва Буюк Британиянинг “Расселл гуруҳи”даги Оксфорд, Кембриж, Бирмингем каби 24 та олий таълим муассасасини юртимиздан “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ўқишга борган 50 нафар ёшлар тамомлади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти томонидан 2024 йил 27 июнда “Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига:
- ёшларни хорижий тилларга ўқитиш жараёнларини такомиллаштириш, талаб юқори бўлган чет тилларини мукаммал ўзлаштириш учун шароитларни кенгайтириш;
- хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари (хусусий ўқув марказлари), ушбу йўналишда фаолият юритувчи бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, соҳадаги муаммоларни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тайёрлаш;
- хусусий ўқув марказлари рейтингини шакллантириш ҳамда рейтингда юқори ўринни эгаллаганларни рағбатлантириш;
- ёшлар орасида касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганишни тарғиб қилиш, ушбу йўналишдаги ижтимоий лойиҳалар, кўрик-танлов ва олимпиадаларни ташкил этиш каби қўшимча функциялар юкланди.
Мактаб таълимига келсак, Президент мактабларидаги баҳолаш тизими 500 та умумтаълим мактабида ҳам жорий қилингани ниҳоятда самарадор бўлди. Ўтган бир йилнинг ўзида айни мактабларда ўқувчиларнинг билимларни ўзлаштириши 53 фоиздан – 60 фоизга ошди.
Олий маълумотли ёшларнинг доимий иш билан таъминланиши, иқтидорли ёшларнинг таълим кредитига эга бўлиши, ўз йўлини топа олмаётган ёшларни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш, оғир тоифадаги ёшлар билан ишлаш масалалари ҳам доимий эътиборда турибди.
Ёшлар сиёсатининг туб моҳияти – орзуларга қанот бағишлаш!
Янги Ўзбекистони бунёд этишга қаратилган, шиддатли ва изчил янгиланишлар даврида ёшлар маънавияти, дунёқараши, ижтимоий-иқтисодий ҳолати, кайфиятини ўрганиш, орзу-умидларига қувват бериш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам юртимиз ёшларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини юзага чиқаришга катта аҳамият берилмоқда.
Янги таҳрирдаги Бош қомусимизда давлат ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик туйғулари шаклланишига ғамхўрлик қилиши белгиланди. Конституциянинг 78-моддасида муҳрланганидек, “Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Биргина 2021 йилдан бошлаб ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган янги тизим – “Ёшлар дафтари” бугун минглаб ёшларимиз билан тизимли ишлаш имконини бераётгани бундай эътибор ва ғамхўрликнинг амалий тасдиғидир.
Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятда молиявий манбалари аниқ белгиланган алоҳида “Ёшлар дафтари” жамғармалари ташкил этилди. Натижада 2021-2024 йиллар давомида ушбу тизим орқали кўмак кўрсатилган ёшлар сони 1 миллион 157 мингга етди ва уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” жамғармаларидан 1,5 триллион сўмга яқин ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, «Келажак касблари» лойиҳаси доирасида 1 минг 38 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тиллар бўйича ўқув курсларида бепул ўқитилди. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг олий таълим бўйича шартномаларини тўлаб бериш, хорижий тилларни ўрганишларига амалий кўмаклашиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Бундан ташқари, ёшлар етакчилари томонидан хонадонма-хонадон хатлов ишлари орқали 268 минг нафар хориждаги ёшлар баланси шакллантирилиб, улар билан доимий мулоқот ўрнатилгани диққатга лойиқ. Ўтган давр мобайнида миграциядаги 328 минг ёшлар ватанга қайтарилиб, муносиб иш ўринлари билан таъминланиб, хориждаги 89 минг нафар ёшларнинг оилаларига моддий, ҳуқуқий, ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.
Бу каби ютуқлар халқимизнинг таҳсини ва халқаро ҳамжамиятнинг эътирофини қозонмоқда. Хусусан, БМТ томонидан “Ёшлар стратегияси – 2030” лойиҳасини намунавий тарзда амалга ошириш бўйича 10 та мамлакатдан бири сифатида айнан Ўзбекистон танлаб олингани ҳар биримизга фахр бағишлайди.
Яна иккита муҳим эътироф: биринчидан, 2022 йилда Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, иккинчидан, 2024 йилда Тошкент шаҳри – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш масаласи жамиятимиз ва давлатимизнинг доимий эътибор марказидадир. Зеро, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, «Фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи албатта ёруғ бўлади».
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 26 июль кунги 149 (1210)-сони
- Қўшилди: 26.07.2024
- Кўришлар: 1380
- Чоп этиш