16-17 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Фарғона вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди. Машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланди.
Ўқув курси Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Фарғона вилояти прокуратурасидан 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов ўқув курси очилиши муносабати билан йўллаган видеомурожаатларида иштирокчиларни қутлади.
Ўқув машғулотлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.
Машғулотлар аввалида БМТга тенг ҳуқуқли аъзо ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келиши қайд этилди. Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шу қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.
Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топган.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда.
Ўқув курси дастурига мувофиқ “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Фарҳод Ҳайитбоев, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишини олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзусида ИИВ Малака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси ўқитувчиси Жасур Ҳамраев, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзусида ИИВ Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Қувонч Қодиров тақдимот ва интерактив машғулотлар ўтказди.
Ўқув курсининг иккинчи куни “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” мавзуларида ИИВ Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи, юридик фанлар доктори Алимжан Матчанов ҳамда “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари” мавзусида ИИВ Малака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси ўқитувчиси Жасур Ҳамраевнинг тақдимот-маърузалари тингланди..
Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида ички ишлар, прокуратура ҳамда суд тизимида фаолият юритувчи 60 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.
Машғулотлар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.09.2024
- Кўришлар: 844
- Чоп этиш