20-21 сентябрь кунлари Наманган вилоятининг “Шаршара” ва “Озод” маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлаш, оиладаги маиший зўравонликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли мониторинг тадбирлари амалга оширилди.
Мониторинг Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий таълим дастури ҳамда давлат раҳбарининг 2022 йил 12 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилди.
Айни тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 45 йиллигини нишонлашга бағишланган чора-тадбирлар дастури доирасида амалга оширилди. Унда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни маиший зўравонликка қарши курашда ҳуқуқий ҳимоя ва ёрдам олиш имкониятларини баҳолаш масалаларига катта эътибор қаратилди.
Мазкур мониторинг хотин-қизларнинг жамият ва оиладаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид муҳим масалаларни аниқлашга йўналтирилган. Бундан мақсад – хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига қарши курашда халқаро меъёрларга асосланган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CЕДАW) талабларининг бажарилиши устидан назоратни мустаҳкамлашдир.
Мониторингнинг асосий вазифаларидан бири хотин-қизларга нисбатан маиший зўравонлик, гендер тенглик ва уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари билан боғлиқ мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда бу масалаларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳамкорликда кенг қамровли сўров ва тадқиқотлар ўтказди. Мониторинг давомида, айниқса, маиший зўравонликка дуч келаётган ёки ҳуқуқлари чекланган аёлларнинг ҳаётий шароитлари ва муаммолари ўрганилди.
Маълумот учун: Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CЕДАW) – БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йилда қабул қилинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир. Ўзбекистон мазкур Конвенцияни 1995 йилда ратификация қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.09.2024
- Кўришлар: 833
- Чоп этиш