Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ушбу Дастур 2024 йил 1 ноябрдан “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида:
- барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш;
- таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш;
- кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш;
- ижтимоий хизматлардан фойдаланиш;
- яшаш шароитларини яхшилаш;
- давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш;
- давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мезонларини назарда тутган ҳолда ижро этилади.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажриба ҳамда илғор халқаро амалиёт асосида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган. Дастурни амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади.
Президент қарорига кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.09.2024
- Кўришлар: 841
- Чоп этиш