26 сентябрь куни Татаристон пойтахтида III Қозон халқаро юридик форуми бошланди. Тадбир Татаристон Республикаси, Қозон шаҳар мэрияси, Қозон федерал университети ва Россия ҳуқуқшунослари уюшмаси томонидан ташкил этилди.
Форумда Россия ва 20 дан ортиқ хорижий давлат, шу жумладан Ўзбекистондаги етакчи ҳуқуқ мактаблари олимлари, давлат ташкилотлари ва бизнес соҳаси вакиллари иштирок этмоқда. Ягона мушоҳадалар майдонида юридик таълим, фан ва амалиёт масалалари юзасидан мақбул экспертлик ёндашувларини ишлаб чиқиш ҳамда самарадор қарорлар қабул қилишга кенг эътибор қаратилаётир.
Россия Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раиси Павел Крашенинников, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Татаристон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Нигматуллин, Қозон шаҳрининг мэри Ильсур Метшин, “СИБУР-РТ” АЖ бош директори Айрат Сафин, Қозон федерал университети ректори, Қозон халқаро юридик форуми ҳамраиси Ленар Сафин тадбирнинг бошланишида сўзга чиқди.
Форум ишида, шунингдек, Россия, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа кўплаб давлатларнинг етакчи экспертлари фаол қатнашмоқда. Мингдан ортиқ иштирокчи мамлакатнинг етакчи экспертлик майдонида учта асосий йўналиш – ҳукумат, бизнес, юридик таълим ва фан соҳаларида қизғин музокаралар олиб бормоқда.
Анъанавий анжуманнинг бу галги янги сессиялари асосан Россия Федерацияси таъсис субъектларида конституциявий назорат ва прокурорлар назорат фаолияти масалаларига бағишланган. Тадбиркорлар ташаббуси билан ташкил этилган сессияларда соҳани ҳуқуқий ҳимоя қилиш муаммолари муҳокама марказида турибди.
Алоҳида сессия Қозон университети ташкил топганининг 220 йиллигига бағишланди. Экспертлар томонидан Қозон ҳуқуқ мактаби вакилларининг Россия илм-фани ва таълимидаги ўрни ва таъсири муносиб эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.09.2024
- Кўришлар: 778
- Чоп этиш