Парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга нафақат юртимизда, балки хориждаги элчихона ва ваколатхоналаримизда ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Хорижликларга Ўзбекистонда янги тизим асосида ўтказиладиган сайлов хусусида маълумотлар берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги делегация аъзоларининг Франция пойтахти Париж шаҳрига ташрифи доирасида мамлакатимиз элчихонаси билан ҳамкорликда сайловларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Парламент ахборот маркази хабар берди.
Франциянинг парламент, эксперт, академик, жамоат доиралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган давра суҳбатида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берилиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда бўлажак парламент сайловлари илк бор янги таҳрирдаги Конституция ва сайлов қонунчилигига киритилган охирги ўзгартиришларга мувофиқ ўтказилиши қайд этилди. Тадбир иштирокчиларига сайловолди ташвиқот доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди.
Ўз навбатида, Франция томони вакиллари мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, кўп қиррали Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигининг турли жиҳатларига тўхталиб, юртимизда бўлажак муҳим сиёсий воқеа юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Хусусан, Франция Миллий Ассамблеясининг собиқ аъзоси Карол Бюро-Бонар сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш таклифини олганини, аввал ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, шунингдек, парламент сайловларида кузатувчи сифатида қатнашганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган, ортга қайтмайдиган ўзгаришлар, демократик ислоҳотлардан ҳайратга тушишини маълум қилди. Қонунчилик палатасига сайловлар аралаш тизим асосида ўтказилиши Ўзбекистонда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиришини қайд этди.
М.Комилова тайёрлади.
- Қўшилди: 10.10.2024
- Кўришлар: 1143
- Чоп этиш