24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенциясини (1970 йилда қайта кўриб чиқилган) (Женева, 1970 йил 24 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди. Бу сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганининг яна бир амалий тасдиғидир.
Конвенцияда меҳнат муносабатларида ходимларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари, шу жумладан, дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш чораларини янада кучайтириш каби масалалар назарда тутилган. Конвенция барча соҳаларда ишлайдиган ходимларга дам олиш ва ишлаш қобилиятини қайта тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ҳар иш йили учун бериладиган таътилларни таъминлашга замин яратади.
Шу кунга қадар ушбу Конвенция 38 та давлат томонидан ратификация қилинган. Конвенциянинг қабул қилиниши келгусида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини янада юксалтиришга ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини юқори поғоналарга кўтаришга имкон яратади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун, шунингдек, барча соҳаларда ишловчи ходимларнинг дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларни амалиётга самарали жорий этишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати маълмум қилганидек, Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 15 та масала, шу жумладан, 14 та қонун кўриб чиқилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.10.2024
- Кўришлар: 697
- Чоп этиш