2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдум орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва қатъий интилишининг яққол намунаси бўлди, десак, асло муболаға эмас.
Янги дарслик
Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Конституциямизда миллий давлатчилик ривожининг муҳим босқичига хос бўлган халқчил тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий механизмлари белгиланиши баробарида давлат ва жамият ҳаёти ривожининг устувор принциплари қамраб олинган.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтига “янги таҳрирдаги Конституция асосида янги ўқув дастурлари, дарсликлар ва бошқа қўлланмаларни тайёрлаш бўйича илмий-методик чора-тадбирларни мувофиқлаштириш” вазифаси белгиланган.
Тажрибали ҳуқуқшунос олим ва моҳир педагог, юридик фанлар доктори, профессор Озод Ҳусанов томонидан нашрга тайёрланиб, яқинда чоп этилган “Konstitutsiyaviy huquq” фанидан олий ўқув юртлари учун дарслик Президентимиз Фармонида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган.
Мазкур китобда янги таҳрирдаги Конституциямиздаги суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини илмий англаш, шунингдек, ёшлар онгига ижтимоий адолат ва бирдамлик принципларини сингдириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари, конституциявий асосларини ўқитишга замонавий ёндашув акс этган.
Академик А. Саидов масъул муҳаррирлигида нашр қилинган ушбу дарсликда “Konstitutsiyaviy huquq” фани предмети доирасига кирувчи мавзулар ёритилган бўлиб, унда Асосий Қонунимизга киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар эътиборга олинган.
2024/2025 ўқув йили бошида қайта нашр этилган мазкур дарсликнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, унда аввалги дарсликдаги айрим жузъий камчиликлар бартараф қилиниб, янги таҳрирдаги Конституцияда белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқлари, жумладан, сиёсий ҳуқуқлар, прокуратура, адвокатурага оид мавзулар янгитдан тўлдирилди. Аралаш сайлов тизимига киритилган ўзгартириш, қўшимчалар, маҳаллий ҳокимият фаолиятини кучайтиришга тегишли янгиликлар (масалан, “маҳалла еттилиги”) ўз ўрнини топди.
Шу маънода, Бош қомусимизда мустаҳкамланган нормалар ҳамда юқорида кўрсатиб ўтилган муҳим ҳужжатлар ижроси доирасида тайёрланган “Konstitutsiyaviy huquq” дарслиги Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилган танловда ғолиб топилиши ҳамда вазирлик томонидан нашрга тавсия этилиб, қисқа муддатларда чоп қилиниши айни муддао, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Дарслик тушунарли, содда тилда ёзилгани, фаннинг энг зарур ва бирламчи фундаментал билимларни беришни назарда тутгани, қамрови фан дастури доирасидан чиқиб кетмагани билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, уни ўрганишга киришган ўқувчини “Konstitutsiyaviy huquq” фани бўйича мустақил билим олиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга йўналтира олиши билан ҳам аҳамиятлидир. Дарсликда бугун мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотлар, хусусан, давлат функцияларининг замон талабларига мос ўзгариб бориши, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулияти кучайтирилиши каби қатор демократик янгиланишларга алоҳида урғу берилган.
Дарслик, асосан, олий ўқув юрти талабалари учун мўлжалланган бўлса-да, ундан барча таълим тури ва босқичларида Конституцияни ўрганишда муҳим қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин.
Абдуманноб РАҲИМОВ,
Акмал РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьялари,
юридик фанлар номзодлари.
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 24 октябрь кунги 217 (8840)-сони
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 602
- Чоп этиш