Президентимиз таъкидлаганларидек: “Ўз моҳият эътиборига кўра ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидлик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда”.
Бугунги кунда тараққийпарвар аждодларимизнинг, жумладан жадидларнинг илғор ғоя ва қарашларини тадқиқ этиш, уларнинг миллий давлатчилик ва ҳуқуқ ривожи тўғрисидаги назарий қарашлари билан бирга амалий тажрибаларини ҳам ўрганиш жуда долзарб аҳамиятга эга. Жадидлар қонун устуворлигини таъминлаш асосида демократик жамият қуришга интилганлар. Биз бугун Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни бунёд этишда, албатта, жадид алломаларимиз қолдирган бой ҳуқуқий меросдан кенгроқ фойдаланишимиз керак.
Жадид боболаримиз зулм ва жаҳолат булутлари қоплаган Она Ватанимиз осмонини маърифат зиёси билан мунаввар этишга, мустабид занжирларини парчалаб, озод ва обод, инсон ҳуқуқлари ҳимояланган, таъбир жоиз бўлса, демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга жидду жаҳд қилишган, десак муболаға бўлмайди. Улар мустамлакачиларга қарши мардонавор курашиб, халқ манфаатлари учун азиз жонларини фидо этишган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Агар бизнинг ҳаётимиз ҳуррият ва халқ бахт-саодати учун қурбонлик сифатида керак бўлса, биз ўлимни ҳам хурсандчилик билан кутиб оламиз!” деган сўзларида ўз ифодасини топган жадидларга хос шижоат ва ватанпарварлик инсон қадри улуғланган, адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Жадидларнинг ғоя ва мақсадлари, ҳаёти ва ижоди, маърифий ва сиёсий фаолиятини ўрганиш борасида адабиётшунос, тарихшунослар, файласуфлар ҳамда юрист олимлар қатор тадқиқот ишларини олиб боришган.
Ҳуқуқшунос олимлар қаторида бугунги кунда жадидларнинг давлат ва ҳуқуқ тўғрисидаги қарашларини ўрганаётган олима – юридик фанлар номзоди, доцент Мавлуда Эргашеванинг фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин.
Олима қарийб йигирма беш йилдан бери жадидларнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари, мақсад ва маслакларини тадқиқ этиб келаётир. Унинг “Абдурауф Фитрат – буюк ҳуқуқшунос” рисоласи, “Абдурауф Фитратнинг сиёсий ва ҳуқуқий таълимоти”, “Ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш” (ҳаммуаллифликда) ўқув-услубий қўлланмаси чоп этилган.
Шунингдек, “Жадидларнинг давлат-ҳуқуқий қарашлари”, “Туркистон, Бухоро ва Хива жадидларининг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги қарашлари” монографиялари, “Жадидлар томонидан ишлатилган давлат-ҳуқуқий атамалар терминологияси” луғати, “Миллат қайғуси” шеърлар тўплами, халқаро ва маҳаллий илмий журналларда ўнлаб илмий мақолалари, хорижий давлатларда ва мамлакатимизда ўтказилган конференциялар материаллари тўпламларида кўплаб тезислари нашр этилган.
Мавлуда Эргашеванинг Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида яқинда нашр этилган “Туркистон, Бухоро ва Хива жадидларининг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги қарашлари” номли монографияси жадидларнинг давлатчилик ва ҳуқуқ тўғрисидаги қарашлари тизимли, изчил ва холис тадқиқ этилган илмий асар сифатида, айниқса, диққатга сазовор.
Монографияда кўплаб бирламчи архив материалларидан, шу жумладан жадидлар нашр этган газета ва журналлар материалларидан фойдаланилган, ундаги маълумотлар илмий жамоатчилик муҳокамасига илк маротаба тақдим этилган.
“Жадидлар давлат-ҳуқуқий қарашларининг шаклланишига таъсир этган ижтимоий омиллар” деб номланган биринчи бобда жадидларнинг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги қарашлари шаклланиши омили бўлиб хизмат қилган сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий шарт-шароитлар, XIX аср охири XX аср бошларида Туркистон, Бухоро ва Хивада давлатчилик, ҳуқуқий тизим масалалари таҳлил қилинган. Туркистон, Бухоро ва Хивадаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт жадидлик ҳаракати пайдо бўлиши ва ривожланишига таъсир кўрсатгани ёритилган. Хусусан, мустамлакачи чор Россияси томонидан олиб борилган сиёсат, ўлканинг хомашё бозорига айлантирилиб, маҳаллий аҳоли аҳволининг оғирлашгани, одамларнинг камситилгани, ҳуқуқ ва эркинликлари оёқости қилингани, маданияти ва анъаналари таҳқирлангани тасвирланган.
Муаллиф жадидлар дастуридаги уч йўналишни, биринчидан, янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш; иккинчидан, умидли ёшларни хорижий давлатларга ўқиш учун юбориш; учинчидан, турли маърифий жамиятлар ҳамда зиёлиларнинг кучли партиясини тузишга қаратилган газета ва журналлар чоп этишни тўғри таъкидлаган.
Монографиянинг “Жадидларнинг ҳуқуқий қарашлари ва уларнинг моҳияти” номли иккинчи бобида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов ва бошқаларнинг давлат фаолиятида адолатни таъминлаш, инсон манфаатларига хизмат қилиш борасидаги қарашлари ўрганилган. Жадидларнинг илм-фанни ривожлантириш, инсоннинг билим олишга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш тўғрисидаги фикрлари муҳокама қилинган. Муаллиф инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги жадидликнинг бош ғояси деган фикрни илгари сурган.
Шунингдек, монографияда жадидларнинг Конституция ва қонунлар, суд-ҳуқуқ масалалари, оила ҳақидаги ғоялари илмий мушоҳада доирасига тортилган. Муаллиф жадидларнинг ғоялари ҳам ҳисобга олинган Бухоро Конституцияси билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конститутсияси моҳияти, мазмуни ва айрим нормаларини қиёсий таҳлил қилган.
Китобнинг “Жадидлар сиёсий партияларининг дастурларида давлат-ҳуқуқий масалаларнинг ишланиши ва ечимлари” деб номланган учинчи бобида “Турк Адами Марказияти”, “Ёш бухороликлар”, “Жадид тараққийпарварлари”, “Ёш хиваликлар”, “Туркистон федералистлари” каби партияларнинг давлат қурилиши, ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш, сиёсий-ижтимоий ва маданий ислоҳотчилик ғоялари ёритилган. Бунда жадид партиялари дастурларида миллий-ҳудудий мухториятга, давлат суверенитетига эришиш, халқни бирлаштириш, ҳуқуқий давлатни қуриш, аҳоли саводхонлигини ошириш, унинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, миллий ҳукуматни тузиш, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ислоҳотларни амалга ошириш ғоялари илмий муҳокама қилинган.
Монографиянинг тўртинчи боби “Давлат ва ҳуқуқ ғояларининг жамоат арбоблари томонидан ривожлантирилишининг баъзи масалалари” деб номланган бўлиб, унда миллий мустақил демократик давлат ғояси – жадид ҳуқуқий қарашларининг бош мезони, деган мулоҳаза илгари сурилган. Бунда жадидларнинг ҳарбий қурилиш ва мудофаа ишларини ривожлантириш, халқлар ўртасида миллий бирлик ва ҳамкорликни кучайтириш, сайловлар ва сиёсий рақобатни рағбатлантириш каби ғоялари ўрганилган.
Шунингдек, монографияда жадидларнинг инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мустабид тузумга барҳам бериш, мустақил демократик давлат қуриш каби мақсадларга эришиш учун мамлакатнинг дастлабки қадамлари сифатида, биринчидан, кучли миллий армияни барпо этиш, иккинчидан, демократик сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги хулосаларига эътибор қаратилган.
Монографиянинг “Хулоса” қисмида Туркистон, Бухоро ва Хива жадидларининг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги қарашларини ўрганиш методологиясини бойитишга хизмат қиладиган ҳамда фидойи миллат ходимларининг асарларида, дастурларида давлат ва ҳуқуқ тўғрисидаги ғояларнинг ифодаланишига оид муаллифнинг илмий ва амалий хулосалари тақдим этилган.
Китобнинг ҳуқуқшунослик фани учун қуйидаги муҳим янгиликларини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин:
– жадид мутафаккирларининг концептуал қарашлари асосида таълим тизими ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ нормаларни конституциявий мустаҳкамлашнинг аҳамияти асосланган;
– жадидлар меросидан аҳоли ўртасида миллий бирдамлик, ватанга садоқат ва миллий ўзликни мустаҳкамлаш учун муҳим илмий асос сифатида фойдаланиш зарурлиги таъкидланган;
– жадидларнинг тарихий хотирасини тиклаш, архив материалларини кенг ўрганиш орқали тарихий воқеаларни объектив ва холис ўрганиш бўйича академик доиралар саъй-ҳаракатини янада кучайтириш зарурати асослаб берилган.
Хулоса қилиб айтганда, Мавлуда Эргашеванинг “Туркистон, Бухоро ва Хива жадидларининг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги қарашлари” номли китоби жадидлар фаолияти юридик нуқтаи назардан ўрганилган муҳим илмий асар ҳисобланади. Бу каби асарлар халқимизни жадидлар илгари сурган маърифатпарварлик ғоялари билан янада яқинроқ таништиришга, Она Ватан учун азиз жонларини фидо қилган жадид боболаримизнинг хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Жадид боболаримиз юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга борини бағишлаган. Бунинг бадалини ўз жонлари билан тўлаган. Биз бугунги мустақиллик, тинчлик, эркинлик шароитида уларни эслашимиз, эъзозлашимиз ҳам қарз, ҳам фарз”.
Акмал САИДОВ, академик
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 686
- Чоп этиш