Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддасида: “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади”, деб қайд этилган.
31 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Асосий қонунимиз ушбу моддасининг мазмун-моҳиятига тўхталди. Миллий марказ худди шундай конституциявий мақомга эга бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тўнғичи эканига эътиборни қаратди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 1996 йил 31 октябрда ташкил этилган бўлиб, бугун ушбу воқеага роппа-роса 28 йил тўлди. Шу муносабат билан А.Саидов Миллий марказ жамоасини муҳим сана билан табриклади.
Йиғилиш давомида Миллий марказнинг 2024 йил тўртинчи чораги бўйича иш режасидаги чора-тадбирларнинг бажарилиши таҳлил этилди. Йил якунлари бўйича ҳисоботларни тайёрлашга киришиш ва келгуси йил иш режаси учун таклифлар тақдим этиш юзасидан тегишли масъулларга топшириқлар берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 31.10.2024
- Кўришлар: 794
- Чоп этиш