Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар қандай кўриб чиқилмоқда?
Бу ҳақда марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълумот берди:
– Янги таҳрирдаги Конституциянинг 40-моддаси, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари ва Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан берилган ваколатлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилган.
2024 йилнинг 10 ойида марказга жами 1 минг 256 мурожаат келиб тушди. Бу мурожаатларнинг 1 минг 222 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилди.
Мурожаатларнинг 455 таси, яъни 37,2 фоизи фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 767 таси алоқа воситалари, асосан почта алоқа тармоғи орқали олинган.
Шунингдек, Президент Виртуал қабулхонаси орқали – 16 та, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси орқали – 2 та ва Миллий марказнинг Виртуал қабулхонасига 152 мурожаат келиб тушди.
Ҳудудлар кесимида таққослаганда, энг кўп мурожаатлар – Тошкент шаҳри (29,4%), Қашқадарё вилояти (16,6%), Тошкент вилояти (16,4%) аҳолисидан келиб тушди. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Сирдарё, Жиззах ва Андижон вилоятлари аҳолисидан келаётган мурожаатлар сони эса камайди.
Мониторинг натижалари мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир эканини кўрсатди.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига жорий йил 10 ойи давомида юборилган 380 дан ортиқ тавсиянинг кўриб чиқилиши натижасида 26 мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди. 46 ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатлари амалга ошишида кўмаклашилди. 188 ҳолатда фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Натижада бир нафар фуқаро оқланди, бир нафари қамоқдан озод этилди ва жазоси енгиллаштирилди.
Шунингдек, ноқонуний ишдан бўшатилган 4 нафар шахс ўз ишига тикланди, 2 нафар шахснинг 12 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи ундирилиши таъминланди. 2 нафар шахснинг 15 миллион сўмга яқин алимент қарздорлиги, бир нафар пенсионернинг 1,2 миллион сўм пенсияси, бир нафар шахсга 744,5 миллион сўм компенсация пуллари ундириб берилди. Бир нафар мансабдор шахс интизомий, икки нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга, марказ киритган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам тикланмоқда. Бу жараёнда бир қанча ҳолатларда мурожаат эгаларига 800 миллион сўмга яқин моддий зарар ундириб берилди.
Фуқароларга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида жойларда очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Хусусан, яқинда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ва Сирдарё вилоятининг Ховос туманида шундай ҳуқуқий-маърифий учрашувлар ташкил этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 13.11.2024
- Кўришлар: 500
- Чоп этиш