Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан мамлакатимиздаги таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Мана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 163-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди. Мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари учун “Ўзбекистон – Ватаним маним!” мавзусида ўтказилган дарс машғулотларини Миллий марказ муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ходимлари олиб борди.
Тадбир аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида нашр этилган 70 дан ортиқ ҳуқуқий китоблар ва журналлар мактаб кутубхонасига совға қилинди.
– Мактабимиз кутубхонасига ҳуқуқий адабиётларни беғараз тақдим этган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирамиз, – дея таъкидлади мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилноза Мадалиева. – Бу китоб ва журналлар биз – педагоглар учун ҳам, ўқувчиларимиз учун ҳам ниҳоятда керакли, фойдали ва қадрлидир. Улар Конституциямиз ва қонунларнинг мазмун-моҳиятини англашда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича муҳим халқаро ҳужжатларни ўрганишда катта аҳамиятга эга.
Дарс жараёнида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали ходимлари ўқувчиларга давлат рамзлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсон ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари тўғрисида атрофлича маълумот беришди.
Айниқса, Ватан тушунчасининг маъноси ўқувчилар билан фаол муҳокама қилинди. Болажонлар Она Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат ҳақида ёд олган шеърларини айтиб беришгани тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбир якунида ўқувчиларга эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 14.11.2024
- Кўришлар: 846
- Чоп этиш