16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида қабул қилинган Бағрикенглик тамойиллари декларацияси дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён мазкур ҳужжат қабул қилинган сана, 16 ноябрь – ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади. Бундан кўзланган асосий мақсад дунё халқларини бағрикенгликка, тинчликни асраб-авайлашга ҳамда ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришишга чорлашдир.
Ушбу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган. Айни кунларда юртимизда Халқаро бағрикенглик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат. Зеро, шу азиз Ватан – барчамизники. Бу заминда асрлар мобайнида турли миллат ва элат вакиллари қўлни-қўлга бериб, елкама-елка яшаб келмоқда. Юртимизда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик муҳити ҳукмрон.
Халқимиз одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, неча-неча авлодларга безавол етказиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ ҳаётини, дунёқарашини, турмуш тарзини ўзгартирмоқда.
Жамиятимизда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган юксак мақсад шакллантирилиб, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги тамойил кундалик фаолиятнинг асосига айланди. Бугунги кунда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси амалга оширилмоқда.
Ушбу Стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиланди. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди. Эндиликда жамиятимиз ҳаёти ва давлатимиз фаолияти “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этилмоқда.
Тараққиёт стратегияси доирасидаги еттита устувор йўналишнинг ҳар бири бўйича амалга ошириладиган энг муҳим вазифалар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилган. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
Яна бир дастурий ҳужжат – Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бешта устувор йўналиш бўйича юзта муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олган. Хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш Стратегиянинг асосий ғояларидир.
Шу маънода, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида Ўзбекистоннинг 7 йиллик мақсадлари эълон қилинди. Мамлакатимиз яқин йиллар ичида даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, халқ хизматидаги адолатли давлат барпо этиш йўлидан дадил одимламоқда.
Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотлар ва жаҳон давлатлари билан кенг кўламли ҳамкорликни амалга оширмоқда. Шу тариқа юртимиз ҳаётбахш ислоҳотлари, демократик ўзгаришлар йўлида собитқадамлиги, мустақил ички ва ташқи сиёсати билан дунё халқларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмоқда.
Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистоннинг тараққиёт, маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлидаги илғор ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини таъкидлаш лозим. Бунга биргина мисол: Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифига кўра, 2018 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси мазкур нуфузли халқаро ташкилотга аъзо 193 мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинди.
Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлдаги 76-сессиясида қабул қилинган «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюцияси, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон Президентининг минтақалараро узвий боғлиқлик концепциясини амалга ошириш йўлида қўйилган оламшумул қадамдир. Бу залворли қадам, албатта, халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган улкан бирдамлик ғоясига узоқни кўра билиш ва тўғри прогноз қилиш қобилиятининг ҳосиласи сифатида юксак баҳо берганини англатади.
Энг муҳими, халқаро ҳуқуқ, ҳуқуқий маданият ва миллий қадриятлар ҳақида гап борганда, аввало, кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олийжаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олганини алоҳида эътироф этиш лозим. Зотан, Асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида яққол акс эттиради.
Халқимиз 2023 йилги референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, унинг Муқаддимасида таъкидланганидек, жумладан, “фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда”, қабул қилган.
Конституция – тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Чунки у Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган. Шу боис Асосий қонунимиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, кейинги даврда ҳар бир инсон давлатимиз раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ижобатига гувоҳ бўлмоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, одамлар қалбида, онгу шуурида намоён бўлаётган меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик каби фазилатлар ва юртдошларимизнинг эртанги кунга юксак ишончи буни тўла тасдиқлайди.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 15.11.2024
- Кўришлар: 922
- Чоп этиш