Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу халқаро анжумандан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик омилларидан бири бўлган диний бағрикенглик, динлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни ўрганиш, истиқболдаги вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Ҳолиқназар ва бошқалар миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масаласи бугунги глобаллашув даврида тобора долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Маълумки, ЮНЕСКО томонидан дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни таъминлаш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” ана шундай ҳужжатлар сирасидан. БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1996 йилдан буён мазкур сана бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланади.
Диний бағрикенглик масаласи бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди ва жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортди. Мазкур ҳужжат кўп ўтмай БМТнинг 73-сессиясида аъзо давлатлар томонидан якдилликда қабул қилинди ва 50 дан ортиқ мамлакат бу резолюцияга ҳаммуаллиф бўлиш истагини билдирди.
2023 йил 19 сентябрь куни эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясида Президентимиз кейинги йилларда Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, глобал ва минтақавий энг долзарб масалалар ечимига оид қатор ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттиришда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича туб ижобий ўзгаришлар дадил илгарилаб бормоқда. Янгиланган Конституцияда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун эканини ҳам таъкидлаш зарур.
Халқаро анжуман қатнашчилари якдиллик билан эътироф этганларидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига йўл қўймаслик ва жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Зеро, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисмидир.
Мамлакатимизда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлиги, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси 74-мақсадида жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга катта аҳамият берилмоқда. Шу билан бирга, ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш, уларда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш, турли миллат ёшлари учун қўшимча шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар ҳам устувор ўрин эгаллайди.
Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Чуқур ўйланган миллий ва диний сиёсат туфайли Ўзбекистон бугун бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида намуна бўлмоқда. Ўзбекистоннинг бу кўп асрлик тажрибаси ўзбек миллатига хос бағрикенглик хусусиятлари Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андоза бўлиб хизмат қилмоқда.
2019 йилдан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу сана Ўзбекистонда ҳафталик тарзида кенг нишонланади. Бу йил ҳам ушбу анъана давом этиб, “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” баланд руҳда бўлиб ўтмоқда.
Ушбу конференция Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда АҚШ, Буюк Британия, Корея Республикаси, Туркия, Малайзия, Португалия, Арманистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан келган мутахассислар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, диншунос экспертлар, исломшунослар иштирок этди.
–Ўзбекистонда ташкил этилган “Бағрикенглик ҳафталиги” жуда юқори савияда ўтказилмоқда, – деди Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий. – 13 йилдан буён Ўзбекистондаман. Бағрикенглик, тотувлик бу ерда шунчаки расмиятчилик эмас, балки ҳаёт тарзига, олий қадриятга айланган неъматдир. Бу эса Ўзбекистон эришаётган барча ютуқларнинг асосий омилларидан саналади. Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тинчлик ва ҳамжиҳатликка фаол ҳисса қўшиб келаётгани эътиборга лойиқ.
– Миллатлараро тотувлик мен учун шунчаки оддий сўз эмас, – деди Ўзбекистон Корейс маданий марказлари ассоциацияси раиси Виктор Пак. – Чақалоқлигимдан мени ўзбек аёли ўз фарзандидек парваришлаган, меҳри ва эътиборини аямаган. Бағрикенглик ўзбек миллатининг қон-қонига сингиб кетган фазилат. Айни жиҳатлар мамлакатимиздаги муҳим ҳужжатларда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.
– Олис Шотландияданман, – деди Бирлашган Библия жамиятлари дўстлик кенгаши раиси Элейн Дункан. – Ўзбекистондаги қуёшли муҳитнинг тафти қалбимга ҳам кўчди. Бағрикенглик Ўзбекистонда реал воқелик, ҳаёт тарзидир. Бу жиҳатлар бутун дунё давлатлари учун ибрат бўлишга арзийди.
Конференция “Динлараро мулоқот ва бағрикенгликни таъминлашда янги Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси”, “Таълим ва маърифатни ривожлантириш: динлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлаш йўли”, “БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясининг конфессиялар ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги ўрни” каби шўъбалар асосида ўз ишини олиб борди.
Диний бағрикенглик турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлиши, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланиши билан бевосита боғлиқ. Бу, ўз навбатида, юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилган.
Назокат Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 18.11.2024
- Кўришлар: 140
- Чоп этиш